Жаҳон | 16:40 / 10.06.2024
13910
7 дақиқада ўқилади

Қўлга қурол олган харкивликлар ва фронтда етишмаётган шифокорлар. Уруш суратлари

Украинада урушнинг 837-куни ўтди. Асосий маълумотлар:

  • Украина разведкаси Астрахан областидаги ҳарбий аэродромда энг сўнгги русумдаги Су-57 русумли қирувчи самолёт аниқ нишонга олингани тўғрисида хабар берди.
  • Sky News хабарига кўра, Украина ҳарбий самолёти илк бор Россия ҳудудидаги нишонга зарба йўллаган. Канал манбасига кўра, бу Белгород областидаги қўмондонлик пункти бўлган.
  • Россиялик ҳарбийлар Часив Ярнинг шарқий чеккасида бироз илгарилашга эришди, деб хабар қилмоқда OSINT-тадқиқотчилар ва ОАВ манбалари.
  • Белгород областининг Ракитянский районида ёнғин рўй берди. «Пепел» нашрига кўра, Украина қуролли кучлари ўқ-дори омборига зарба йўллаган.
  • Bloomberg Россия африкалик талабаларни урушга жўнатаётгани ҳақида хабар қилди.
  • Саратовда депутатнинг доноси туфайли Доранинг концерти бекор қилинди. Қўшиқчи уруш ҳақидаги фикрлари туфайли «тақиқланган мусиқачилар рўйхати»га тиркалган.

Харкивда тинч аҳоли вакилларини қурол ишлатишга ўргатиш бўйича машғулот

Россия қўшини 10 майда Харкив областининг чегарадош ҳудудларида янги юриш бошлаганди. Июн ойи бошларига келиб юриш суръатлари пасайди. Бунга кўп жиҳатдан Украина қуролли кучлари қўмондонлиги ўз оператив захираларини ишга солгани сабаб бўлди. АҚШ президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливаннинг ҳисоблашича, Россиянинг Харкивга юриши АҚШ Украина қуролли кучларига Америка қуролларидан РФ ҳудуди бўйлаб зарба йўллашига рухсат бериши ортидан тўхтаган. Аммо Россия қўшини олдинга юриш ҳаракатларини тўхтатмаяпти, РФ қуролли кучлари мунтазам равишда ўққа тутиб турган Харкив шаҳри аҳолиси эса ҳужумни қайтаришга тайёрланмоқда.

Уруш фахрийлари Харкив аҳолиси вакилларига бошланғич ҳарбий тайёргарлик кўникмаларини ўргатмоқда. РФ қўшини Харкив бўйлаб мунтазам равишда ракета зарбалари йўллаётгани, бомба ташлаб, дронлар билан ҳужум қилаётгани туфайли машғулотлар бошпаналарда ўтказилмоқда
Vincenzo Circosta / Anadolu / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Уруш фахрийси Харкив аҳолиси вакилларига жанговар қуролдан фойдаланишни ўргатмоқда
Vincenzo Circosta / Anadolu / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Курсга келганларга бошқа кўникмалар қатори қуролни қандай тутиш ҳам ўргатилмоқда
Vincenzo Circosta / Anadolu / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Махсус қурилмаларсиз нишонни муваффақиятли йўқ қилиш траекториясини ҳисоблаш
Vincenzo Circosta / Anadolu / Getty Images
Нишонга олиш ва ўт очиш машқи. Бу кўникмалар сафарбар қилинишини кутаётганлар ҳамда фронтга кўнгилли сифатида йўл олишга тайёр бўлганлар учун қўл келиши мумкин.
Vincenzo Circosta / Anadolu / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press

Донецк областидаги украин артиллериячилари

Россия қўшини бутун фронт бўйлаб - Харкивдан Запорижжя области Работине қишлоғигача бўлган ҳудудларда олдинга юришга ҳаракат қилмоқда. Жанглар бошқа бўлинмалар қатори қирол Даниил номидаги 24-алоҳида механизациялашган бригадаси мудофааланаётган Донецк областида ҳам давом этмоқда.

«Улар биз бу ердалигимизни билишади, улар қўрқишади ва излашади», — дея ҳикоя қилади 24-алоҳида механизациялашган бригада миномётчиси Василий (бу ва қуйида келадиган иқтибослар бўлинманинг фейсбукдаги расмий саҳифасидан олинган)
Oleg Petrasiuk / Ukrainian 24 Mechanised brigade / AP / Scanpix / LETA
Қирол Даниил номидаги 24-бригада жангчилари Донецк области Ҳорливка йўналишида позицияни ушлаб турибди
Oleg Petrasiuk / Ukrainian 24 Mechanised brigade / AP / Scanpix / LETA
24-алоҳида механизациялашган бригада жангчиси Россия қўшини позицияси бўйлаб ўт очмоқда
Oleg Petrasiuk / 24th Mechanized Brigade / EPA / Scanpix / LETA
«Урушда мудофаада турганда, ҳалок бўлиш учун шунга мос ҳаракат қилиш керак бўлади. Агар барчасини тўғри қилсангиз, позицияни жуда яхши эгалласангиз, буйруқларни нормал бажарсангиз, бундай шароитда сизни ўлдириш умуман осон бўлмайди», — деб ҳисоблайди 24-бригада бўлинмаси командири Олександр
Oleg Petrasiuk / 24th Mechanized Brigade / EPA / Scanpix / LETA

Украина қуролли кучларининг Донецк областидаги барқарорлаштириш пункти

Донецк области Бахмут шаҳри яқинидаги Часив Яр учун жанглар бир неча ойдан буён давом этмоқда. Май ойида россиялик ҳарбийлар шаҳарнинг шарқий чеккаларини штурм қилган, бу уриниш у қадар муваффақиятли чиқмаганди. 9 июн куни Украинадаги телеграм-каналлар Россия қўмондонлиги бир неча кундан буён Канал микрорайонида — Часив Ярнинг шарқий чеккасида куч тўплаётганини ёзди. «Украинская правда»нинг Украина қуролли кучларидаги манбаси ҳам россиялик ҳарбийлар шаҳарнинг шарқий чеккасида тургани ва артиллерия ҳамда дронлар кўмагида олдинга силжишга уринаётганини тасдиқлаган. Унинг қайд этишича, украиналик ҳарбийлар ҳамон шаҳар марказини назорат қилмоқда. фронтнинг бошқа участкаларида бўлгани каби Часив Ярда ҳам Украина қуролли кучлари жангчиларига украин шифокорлари ёрдам кўрсатмоқда.

The Kyiv Independent нашри май ойида Часив Яр учун жанглар тўғрисида эълон қилган репортажда ҳарбий шифокор Дмитро Ураков сўнгги вақтларда жароҳатларнинг табиати ўзгаргани ҳақида гапирганди. «Бу ерга олиб келинаётган ярадорларнинг 90 фоизи ёки FPV дронлар, ёки дронлар ташлаган ўқ-дорилар нишони бўлишган», — дейди у.
Diego Herrera Carcedo / Anadolu / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Россия қўшини дронлардан фойдаланиши фронт чизиғидан ярадорларни эвакуация қилишни ҳам қийинлаштирмоқда. «Авваллари сиз ярадорларни тунги вақтда транспорт воситаларида эвакуация қилишингиз мумкин эди, аммо энди уларда тунги кўриш мосламаларига эга кўплаб дронлар бор», — деган Ураков The Kyiv Independent мухбирига ва энди жароҳатланган жангчиларни кўп ҳолларда қуролдошлари ёки тиббиёт ходимлари елкалаган ҳолда олиб чиқишига тўғри келаётганини қўшимча қилган.
Diego Herrera Carcedo / Anadolu / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Украина қуролли кучларининг Часив Ярда жанг қилаётган жангчиси, одессалик Кир Сазонов шифокорлар етишмаётгани ҳақида айтади. «Бу тақчиллик. Исталган бўлинма нафақат яхши шифокор, балки фелдшер, санитардан ҳам хурсанд бўлади! Озгина тиббий маълумотга эга бўлганлардан ҳам», — дея Сазоновнинг сўзларидан иқтибос келтирган Одессадаги «Думская» нашри
Diego Herrera Carcedo / Anadolu / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
«Бу ерда ҳеч нарса уруш ҳақидаги эски ҳарбий филмлардаги каби эмас. Кинода ярадор „Сестра!“ деб бақириши билан дарҳол унинг олдига ҳамшира етиб боради. Бу ерда эса ўзинг ўрмалаб юришинг керак. Ёки қуролдошларинг сени орқалаб олишади. Биз шифокорни энг олдинги чизиққа юбора олмаймиз», — дейди Сазонов
Diego Herrera Carcedo / Anadolu / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press

Мавзуга оид