Вашингтонда Kun.uz билан гаплашган канадалик ўзбек, Консерватив партия кенгаши аъзоси Обидхон Мамадалиев Миграция агентлигидан норози. Сабаби у Ўзбекистон билан меҳнат алоқалари ижобийлашувига ҳисса қўшиш учун агентлик фахрий вакили бўлишга ташаббус билдириб, ҳужжат топширган. Агентлик эса Беҳзод Мусаев исми туширилган шартномани бергач, шу билан мулоқотни тўхтатган. Канада миграцион ташкилотлари устимиздан куляпти, дейди юртдошимиз суҳбат чоғида.
Жанубий Алберта Технология институти лабораторияси техник ходими Обидхон Мамадалиевнинг Kun.uz’га айтишича, у йил бошида агентлик эълон қилган миграция бўйича махсус вакил ваканциясига қизиққан. Юртдошимиз ўз ҳужжатларини жамоатчилик асосида ишлайдиган ушбу лавозимни эгаллаш учун жўнатган ва миграция агентлигидан кадрлар бўлими бошлиғи Олим Қодиров, Камолиддин исмли шахслар билан мулоқотда бўлган. Улар ҳужжатларни қабул қилиб, ташаббусни ижобий баҳолаган.
Бундан агентлик раҳбари Беҳзод Мусаевнинг ҳам хабари бўлган ва маълум жавоб беришдан аввал Мамадалиев суҳбатга таклиф қилинган. Унга суҳбатдан ўтгани, кейинги қадамларни ташлашга имкон борлиги хабар қилинган. Почта орқали Мусаевнинг исми туширилган шартнома унга жўнатилган ва юртдошимизнинг айтишича, шу билан мулоқот тугаган. Яъни, бир неча ойлик ҳаракатлардан сўнг шартномани имзолаш босқичида агентлик вакиллари диалогни тўхтатган.
Kun.uz’га мурожаат қилган Канада фуқароси, ўзбек юртдошимизга кўра, фахрий вакил бўлишдан мақсад меҳнат муносабатлари бўйича Ўзбекистон билан алоқаларга ижобий тус бериш, айни дам Канадада бўлган ва келгусида Канадага келувчи меҳнат муҳожирларига ҳар томонлама кўмак беришдан иборат эди. Лавозим жамоатчилик асосида бўлган ва ҳеч қандай моддий манфаат кўзланмаган. Бироқ, агентлик вакиллари шундай ташаббусга ҳам негадир енгил ва масъулиятсизлик билан қаради, дейди у.
“Канадага ҳаттоки, Непалдан ишчилар келади. Ўзбекистон эса Оттаванинг меҳнат муҳожирлари қабул қилинувчи хавфсиз давлатлар рўйхатида ҳам йўқ. 2026 йилги мавсум тугади, тайёр текин ишлайман деган инсонни ҳам қабул қилишмади”, дейди Обидхон Мамадалиев.
Юртдошимизнинг қўшимча қилишича, у билан Олим ва Камолиддин исмли агентлик ходимлари алоқада бўлган. Мулоқот тўхтаганидан кейин эса Обидхон почта ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали агентликка уланишга ҳаракат қилган. Аммо, унинг айтишича, бошида лавозим бўйича тасдиқ хатлари ва керакли маълумотлар, шартнома келиб турган почта манзиллари энди Мамадалиев учун ёпилган.
“Почта орқали хатлар жўнатсам, сиздан бу манзилга ёзиш имконсиз, деган ёзув чиқади. Улар мени блоклаб қўйибди, Олим эса мени танимаслигини айтди, бу қандай лаёқатсизлик”, дейди Мамадалиев.
Айни дам Канада иммиграция вазирлиги ҳамда миграция бўйича ташкилотлари бу ташаббусдан хабардор, лекин жараён тўхтаб қолган-қолмагани бўйича расмий доирада бирор гап-сўз йўқ.
“Канада иммиграцион органларидан чиқиб мендан сўрашяпти, ҳеч нима аниқ бўлмагач устимдан кулишяпти”, дейди ҳамюртимиз.
Бу материал билан кимнидир оқ, кимнидир қора қилиб кўрсатиш мақсад қилинмаган, ўзбек ҳамюртимиз унинг ташаббуслари жавобсиз қолдирилганидан норозилигини баён қилмоқда.
Kun.uz ушбу ҳолат юзасидан агентликдан муносабат сўради, лекин ташкилот ўз қарашини ҳали маълум қилмаган.










