Запорижжя вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Иван Федоровнинг Telegram орқали хабар беришича, қурбонлардан бири — 67 ёшли эркак Запорижжя шаҳрида бошқарилувчи авиация бомбаси хусусий уйга келиб тушиши оқибатида ҳалок бўлган.

Федоров маълумотларига кўра, Россия қўшинлари бир сутка давомида Запорижжя вилоятининг 45 та аҳоли пунктига жами 917 марта зарба берган.

Уларнинг 22 таси авиация зарбаси, 634 таси учувчисиз учиш аппаратлари орқали амалга оширилган ҳужумлар ва 261 таси артиллерия зарбаларидан иборат бўлган.

Вилоят раҳбарининг билдиришича, ҳужумлар оқибатида инфратузилма объектлари, турар жойлар ва автомобилларга зарар етгани ҳақида 124 та хабар келиб тушган.

Хабар эълон қилинган вақтда Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари Запорижжя вилоятига бошқарилувчи авиация бомбаларидан фойдаланган ҳолда янги ҳужум уюштирилиши хавфи борлигидан огоҳлантирган. Шунингдек, реактив дрон Запорижжя шаҳри томон ҳаракатланаётгани маълум қилинган.

Россия томони Кирилловкада 12 киши ҳалок бўлганини билдирган

Бундан аввал, 25 июл куни Россия томонидан Запорижжя вилоятининг босиб олинган қисми раҳбари этиб тайинланган Евгений Балицкий Украина томони Кирилловкадаги туристик базаларга ҳужум қилганини билдирган.

Унинг маълумотларига кўра, тунги ҳужум оқибатида 12 киши ҳалок бўлган ва 19 киши яраланган. Балицкий қурбонларнинг тўрт нафари, жароҳатланганларнинг эса олти нафари болалар эканини айтган.

25 июл куни Запорижжяда савдо маркази ёнган

Ўша куни Украина расмийлари Россия қўшинларининг Киев назоратидаги Запорижжя вилояти ҳудудларига зарбалари ҳақида ҳам хабар берган.

Маълумотларга кўра, 25 июлга ўтар кечаси ҳужумлар оқибатида ўн киши жабрланган.

Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати Запорижжя шаҳрида икки қаватли савдо маркази, дўкон ва савдо павильонларида ёнғин чиққанини билдирган. Ёнғин қамраб олган умумий майдон 900 квадрат метрни ташкил этган.

25 июл тонгида Иван Федоров Запорижжяга яна зарбалар берилганини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, ҳужумлар оқибатида бир аёл ҳалок бўлган, яна 11 киши тиббий ёрдамга муҳтож бўлган. Жабрланганлар орасида 3, 5 ва 7 ёшли уч нафар бола ҳам бўлган.