Қўрғонтепа туманининг Озод маҳалласида содир этилган бу қотиллик жинояти кўпчиликни даҳшатга, шунинг баробарида ўйловга солди: ҳамманинг кўнглидан нега, қандай қилиб, наҳотки, деган саволлар ўтарди. Буларга жавоб берадиган ягона одам эса 56 ёшли қотил ота эди. У 6 нафар оила аъзосини бир дастурхон атрофида овқатланиб ўтиришганида хонага қамаб, ёқиб юборганди.

Манасовлар оиласи

1967 йилда Қўрғонтепа туманида туғилган Йўлчибой Манасов Ё.Манасова билан турмуш қуриб, 4 фарзандли бўлишган: бир қиз ва уч ўғил. Ўғилларидан бири Х.Тоштемиров 2-гуруҳ ногирони эди.

Йўлчибой Манасов Россия давлатига бориб-келиб, ишлаб юрган. Фарзандлар тарбияси эса асосан она зиммасида қолган. 2008 йилда оиладаги ягона қиз Ш.Манасова Қирғизистонга турмушга чиқади. Куёв ўз одатлари бўйича уни олиб қочиб кетганди. Бундан жаҳли чиққан ота уни “оқ қилади”. Шу тариқа ота ва қиз ўртасидаги муносабатларга путур етган.

2018 йил декабр ойида оиладаги катта ўғил, ногирон Х.Тоштемировни уйлантиришади. Шундан сўнг Йўлчибой Манасов Россияга бормай қўйган. Кўп ўтмай, 2022 йилнинг ноябр ойида ўртанча ўғил ҳам уйланади.

Ароқ, баҳона ва жанжаллар

Ташқаридан эл қатори, оддий кўринган оила аслида ичкаридан нотинч эди. Ота кунора ичиб келиб, турли баҳоналар билан жанжал чиқарар, аёлини, ногирон ўғлини калтакларди.

Ўртанча ўғил (у уйлангач чет элга бормай қўйганди) отасининг Жигули машинасида киракашлик қилар, ота эса унга ҳар куни ароқ олиб келишни буюрарди. Вақт ўтиб, кенжа келин ҳомиладор бўлади. Ўғил бу хушхабарни айтиб, суюнчи олиш мақсадида отасининг ёнига шошади. Аммо отанинг гаплари унинг юзига тарсаки бўлиб тушади гўё: “Ҳали аканг фарзандли бўлмасдан туриб сенинг фарзандли бўлишга ҳаққинг йўқ. Туғиладиган болани янгангга берасан”, дейди ота. Ёш эр-хотин бу талабга норози бўлишади.

Йўлчибой Манасов учун жанжал чиқаришга баҳона топилганди. У ҳар куни шу мавзуни айтиб, жанжаллашишни одатга айлантиради. Бундан безор бўлган ўртанча ўғил 2023 йил феврал ойида ишлаш учун яна Россияга кетади. 

Оловли тун

2023 йилнинг 27 июл куни Йўлчибой Манасов яна турмуш ўртоғи ва ногирон ўғли билан жанжаллашади. Кичик келин уларни ажратиб, тинчлантирмоқчи бўлади. Бироқ қайнота оила аъзолари ўртасига тушаётгани учун унга ўлдириб юбориш билан таҳдид қилади. Сўнгра уйдан чиқиб кетиб, бир муддат ўтгач қўлида ароқ билан қайтади.

Талаби фарзанди томонидан рад этилган ота бунга чидай олмай, ўзини оила бошлиғи сифатида ғурури камситилган деб ҳисобларди. Шу сабабли, у ҳовлидаги сўрида ўтириб, олиб келган ароғини ича бошлайди. Спиртли ичимлик таъсиридами, оила аъзоларидан ўч олиш мақсади туғилади. Бунинг учун уларнинг барчасини бир хонага қамаб, тириклайин ўт қўйиб ўлдириб юборишни режалаштиради ҳамда қулай фурсат келиши учун кун ботишини кута бошлайди.