Ўзбекистон фуқароси Бахтиёр Матёқубов Тошкент, Москва ва Киевдаги шафқатсиз жиноятлари ортидан постсовет ҳудудидаги аҳоли орасида «Ўзбек Чикатилоси» номи билан даҳшат уйғотади. У маъшуқасидан қабул қилган хиёнат аламини бошқа аёллардан олади. Маняк 3 та давлатда аёлларни ваҳшийларча ўлдирган.
Матёқубов 10 дан ортиқ аёлларни ўлдириб, жинсий алоқа қилади. Қурбонларнинг орасида 72 ёшли пенсионер ҳам бор эди. Хўш, унинг бу жиноятларига фақат хиёнат сабаб бўлган эдими? Тажовузкор болакай, илк жиноят, икки давлатдаги умрбод қамоқ жазоси… барчаси «Ўзбек Чикатилоси»нинг қотиллик тафсилотлари ҳақида.
Болаликдаги безориликлар

Фото:: “Mash”
Бахтиёр Матёқубов 1973 йилда Ўзбекистонда туғилган. Унинг безориликлари мактаб чоғларидаёқ юзага чиқа бошлаган. Кўчадаги жанжаллардан тортиб, оилавий муносабатларда ҳам Бахтиёрнинг тажовузкор табиати намоён бўла бошлайди. Ўша пайтлардаги оқ қўлқоп кийиб юриш одати унинг оиласини хавотирга сола бошлаганди. Кейинчалик Бахтиёр қотилликларини ўзидан из қолдирмаслик учун ҳам шундай қўлқоп ёрдамида амалга оширган. Бу эса уни «оқ қўлқопли қотил» номи билан танитади.
Матёқубов биринчи жазони ўсмирлик чоғида, Ўзбекистонда олган. У 17 ёшида талончилик учун қамоққа тушади. Аммо ҳукм қисқа эди. Бўлажак қотилнинг кейинги 15 йили, яъни айни ёшлик даври талончилик, муштлашишлар ортидан қисқа муддатли қамоқ жазоларини ўташ билан ўтади.
Қайта-қайта кичик жиноятларини такрорлашига қарамай, ҳар сафар у муддатидан олдин озодликка қўйиб юборилган. Ҳаммаси бўлиб 12 йил қамоқда ўтирган Матёқубов аҳлоқ тузатиш муассасаларида ўзини намунали тутганлиги учун шартли ёки амнистия билан озодликка чиқарилган.

Кичик безорининг қотилга айланиши
2006 йилда яна шартли озодликка чиққан Бахтиёр янги ҳаёт бошлаш учун Москвага жўнади. Бироқ бу ерда унинг ҳаёти жиноятлар билан бошланди. Кўп ўтмай талончилик учун яна Химкида ҳибсга олинган Матёқубов такрорий жиноятчи сифатида 12 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Шундан саккиз йилни қамоқда ўтказган жиноятчи бу сафар ҳам яхши хулқ-атвори учун 2014 йилда муддатидан олдин озод қилинди.



















