Бугун, 24 июн куни B гуруҳида муҳим ўйинлар бўлиб ўтади. Испания аллақачон ўзи учун плей-офф йўлланмасини ҳал қилган. Италия, Хорватия ва Албания эса 1/8 финал учун курашни давом эттиради. Қуйида 3-турда қайси жамоага қандай натижа кераклиги кўриб чиқилади.
Хорватия – Италия. 00:00/ Zo'rTV
2022 йилги жаҳон чемпионатининг бронза медаллари совриндорлари Еврода муваффақиятли иштирок эта олмаяпти. 1-турда Хорватия Испанияга йирик ҳисобда мағлуб бўлди — 0:3, кейин эса Албания билан ўйинда 90+5-дақиқада ғалаба бой берилди — 2:2. Бир очко – Златко Далич жамоаси икки ўйинда қўлга киритишни кўзлаган очко эмас. Италия эса биринчи ўйинда Албанияни таслим этганди — 2:1, аммо кейин Испанияга кучи етмади — 0:1.
Плей-оффга чиқиш учун Италияга нима керак?

Италянлар учун барчаси оддий: жамоани Хорватия билан ўйинда дуранг ҳам қониқтиради. Шунда улар Испания – Албания учрашуви натижаси қандай бўлишидан қатъи назар гуруҳда иккинчи ўринни эгаллайди. Италия барибир испанларни қувиб ўта олмайди ва албанларни олдинга ўтказиб юбормайди (ўзаро учрашувдаги ғалаба эвазига).Италянлар ғалаба қозонса ҳам иккинчи ўрин билан плей-оффга йўл олади.
Аммо мағлубиятга учралган тақдирда барчаси қизиқ тус олади. У ҳолда Лучано Спаллетти жамоаси Хорватияни олдинга ўтказиб юборади ва учинчи ўриндан юқорига кўтарила олмайди. Бундай сценарийда 1/8 финал йўлланмаси бошқа гуруҳлардаги натижаларга боғлиқ бўлади. Плей-оффга олти гуруҳдаги учинчи ўрин эгаларидан нисбатан яхшироқ кўрсаткичларга эга бўлган тўрт жамоа ҳам чиқади. Аммо уч очко ҳар доим ҳам плей-офф йўлланмасини кафолатлай олмайди. Қолаверса, Football Meets Data ҳисоб-китобларига кўра, В гуруҳининг учинчи жамоаси кейинги босқичига чиқиши эҳтимоли – 36 фоизга баҳоланган (барча гуруҳлар орасида энг ёмони).
Агар Италия Хорватияга ютқазса ва Албания кутилмаганда Испанияни мағлуб этса, Европанинг амалдаги чемпионлари плей-оффсиз қолиши 100 фоизга аниқ бўлади.
Плей-оффга чиқиш учун Хорватияга нима керак?

Хорватияни фақат ғалаба қутқаради. Шунда Златко Далич жамоаси очколари сонини тўрттага етказиб, Италияни қувиб ўтади ва Албания Испанияни енгган тақдирда ҳам камида учинчи ўринда бўлади. Агар Албания Испанияни енга олмаса, хорватлар иккинчи поғонага жойлашади. Агар Хорватия ҳам, албанлар ҳам ғалабага эришса, иккинчи ўрин тақдирини тўплар нисбати ҳал қилади. Ҳозирча бу кўрсаткич Албанияда яхшироқ: хорватлардаги «-3» (2:5) га қарши «-1» (3:4).


















