10:05 / 25.06.2024
3866

Суд Ходорковский ва Лебедевнинг пулларини мусодара этиш ҳақида қарор чиқарди

Россия Федерацияси Бош прокуратураси Ходорковский ва Лебедев билан алоқадор бўлган «Сибирская лизинговая компания»дан қарийб 1,4 миллиард рублни мусодара қилишни сўраган. «Досье» маркази уни «Роснефт» собиқ президентининг оиласи назорат қилишини даъво қилмоқда.

Михаил Ходорковский ва Платон Лебедев Фото: Станислав Красильников / ТАСС

Москванинг Мешчанский туман суди «Траст» банки ҳисобварағидан 986 миллион рубл ва 1,8 миллион доллар (жами 1,4 миллиард рубл) миқдоридаги маблағларни давлат даромадига ўтказиш тўғрисида қарор чиқарди. 24 июн, душанба куни Россия ахборот агентликлари хабар беришича, улар ЮКОС ва МEНАТEП гуруҳининг собиқ раҳбарлари Михаил Ходорковский ва Платон Лебедевга тегишлидир. Шу тариқа, суд Россия Федерацияси Бош прокуратурасининг Ходорковский, Лебедев ва «Сибирская лизинговая компания»га нисбатан даъвосини қаноатлантирди. 

Даъво суд томонидан 2005 йилда ўрнатилган «солиқ жиноятлари»дан етказилган зарар тўланмагани муносабати билан қўзғатилган. Прокуратура маълумотларига кўра, гап реал фаолиятни амалга оширмаган, аммо айбланувчилар фойдасига капитал транзити учун хизмат қилган тўққизта компаниядан олинган пуллар ҳақида бормоқда. Бу компанияларнинг барчаси, «Сибирская лизинговая компания»дан ташқари, тугатилди.

Айни пайтда, «Досье» суриштирув маркази «Сибирская лизинговая компания»нинг Ходорковскийга алоқаси йўқлигини, аммо Кипр офшор компаниялари орқали «Роснефт» собиқ президенти Сергей Богданчиковнинг оиласи томонидан назорат қилинишини ёзди. Компаниянинг 2023 йил учун ҳисоботига кўра, унинг соф фойдаси деярли икки миллиард рублни ташкил этди.

ЮКОС иши

Россия судлари 2005 ва 2010 йилларда Ходорковский ва Лебедевни «ЮКОС иши» бўйича фирибгарлик, пул ювиш ва солиқ тўлашдан бўйин товлаганликда айблаб, узоқ муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилган. Уларга тегишли бўлган нефт компанияси банкротлик жараёнидан ўтди ва миллийлаштирилди. Россия президенти Владимир Путин 2013 йилда Михаил Ходорковскийни афв этган, шундан сўнг тадбиркор Россияни тарк этган. Платон Лебедев 2014 йилда озодликка чиқарилган.

Top