Саидазиз “медгородок”ка оид яна бир ишда унинг шериги бўлган Собиржон Исомуҳаммедов қидирувга берилди
Суд терговида Исомуҳаммедов мулкни тортиб олиш мақсадида жабрланувчини 6-қаватдан улоқтириб юбориш билан қўрқитиб содир этилган жиноятнинг асосий иштирокчиларидан бири сифатида кўрилмоқда. Терговда гаров эвазига очиқда қолдирилган судланувчи суд мажлисларига келмаганлиги учун қидирувга берилган. Суд эҳтиёт чорасини аслича қолдирган.
Саидазиз “медгородок”ка нисбатан яна бир суд бошлангани ва бу иш ҳам уюшган гуруҳ бўлиб товламачилик содир этиш ва жуда кўп миқдордаги фирибгарлик билан боғлиқлиги хабар қилинганди.
ЖИБ Юнусобод туман суди мазкур жиноят ишидан Собиржон Исомуҳаммедовга нисбатан бўлган қисмини алоҳида иш юритувига ажратиб олиш ҳамда унга нисбатан қидирув эълон қилиш ҳақида ажрим чиқарди.
Ажримда Исомуҳаммедовга нисбатан қўлланган гаров эҳтиёт чорасини аслича қолдириш, ушлангандан сўнг уни жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судига келтириш белгиланган.
Дастлабки тергов органи томонидан аниқланишича, жиноят ишида асосий фигурантлардан бири бўлган Собиржон Исомуҳаммедов 2022 йилнинг август ойларида таниши, 1997 йилда туғилган Рихсиддин Тохировга Тошкент шаҳар, Бектемир тумани, Мажнунтол маҳалласи ҳудудида жойлашган 4 гектар ер майдони уй-жой қурилиши учун ажратилганлигини ва бу ерда намунали турар жой комплекси қурилишини таъкидлаб, унинг 4,5 сотихини 15,5 минг АҚШ долларига сотишини айтган. Аслида бу ер майдони “Biocell” МЧЖга 2021 йилда замонавий енгил конструкцияли иссиқхона қурилиши учун 49 йил муддатга ижара асосида ажратилган бўлган. Исомуҳаммедов 2022 йил август ойи охирларида Тохировнинг 15,5 минг долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.
Бундан ташқари, у айни шу усул орқали таниши, 1978 йилда туғилган Нодир Толиповнинг ҳам 15,5 минг АҚШ долларини қўлга киритган.
Собиржон Исомуҳаммедов 2022 йил 2 октябр куни “Everest Impex Ples” МЧЖ таъсисчиларидан бири Мурод Тўхтаев билан ўрталаридаги мулкий низони ҳал қилиш учун Саидазиз Саидалиев, Равшанжон Алимов ҳамда Мирсолих Мирхўжаев билан бир гуруҳга бирлашган. Улар Мурод Тўхтаевни Миробод тумани, Яккачинор кўчасидаги бизнес марказнинг 6-қаватида жойлашган офисга чақиртириб, МЧЖдаги 50 фоизлик улушни уларнинг фойдасига воз кечишини талаб этишган. Агарда воз кечмаган тақдирда жисмоний куч ишлатиш, мулкларини нобуд қилиш ва офиснинг 6-қаватидан улоқтириб юбориш билан таҳдид қилишган.
Тергов органи бу ишда Саидазиз Саидалиев ва Мирсолих Мирхўжаевларга эҳтиёт чораси сифатида қамоқ қўллаган. Улар билан айнан ўхшаш моддаларда айбланаётган Собиржон Исомуҳаммедовга эса гаров эҳтиёт чораси танланган.
Мавзуга оид
11:41 / 07.12.2024
“Тўппонча ўқталиб, отиб ташлайман деди” – “Саидазиз медгородок”ка яна бир “дело” бўйича ҳукм ўқилгани маълум бўлди
17:44 / 27.11.2024
“Саидазиз медгородок” ишида ҳукм ўзгаришсиз қолдирилди
12:00 / 12.10.2024
Сергелидаги портлаш: 4 нафар айбланувчининг ҳар бири 5 йилга озодликдан маҳрум қилинди
13:02 / 21.08.2024