“Док-1 Макс” иши бўйича апелляция инстанцияси судининг музокара босқичида адвокат ва судланувчилар нутқи тингланди. Улар суддан оқлов ва енгиллик беришни, прокурор эса биринчи инстанция судининг ҳукмини ўз кучида қолдиришни сўради.
Суд мажлиси аввалида ҳиндистонлик судланувчининг адвокати Даврон Аҳмадов музокара сўзида “Зарур амалиётлар маркази” ДУК директори Азиз Дўсматовга нисбатан жиноий иш қўзғатишни, ҳиндистонлик судланувчига нисбатан эса оқлов ҳукми чиқаришни сўради.
“Сиропни фақат икки марта қабул қилган икки нафар беморда ёки қабул қилолмай қусиб ташлаган беморларда ҳам ўлим ҳолати кузатилган. Уларда буйраклар касалланиши ёки ўлим кузатилиши бу – айнан “Док-1 Макс” сиропидан келиб чиққанига шубҳа уйғотади.
Азиз Дўсматов судга ёлғон кўрсатма бериб кетган. Шу кўрсатма билан судланувчиларга айб эълон қилиняпти. Унга нисбатан жиноий иш қўзғатишингизни сўрайман”, дейди адвокат Аҳмадов.
Яна бир судланувчи Шодмоновнинг адвокати жиноят ишида айнан айбдорлар жазоланиши, айбсизлар озод этилиб, оқланиши кераклиги ва қонуний асосда ҳукм чиқарилиши кераклигини таъкидлади.
Сардор Кариевнинг адвокати Темур Раҳматов сўзга чиқиб, ҳимояси остидаги судланувчи шу пайтгача бирон марта кўрсатмасини ўзгартирмагани ва Кариев номидан факсимил имзо қўйилганини билдирди.
“Биринчи инстанция судида Экспертлар кенгаши котиби У.Темировга адвокат томонидан “Раиссиз ўтмаганми, ушбу ўринбосарлар раис бўлиб ўтказармиди?” деб берилган саволга – “Ўтказарди” деб жавоб бериб, “Мажлислар раиссиз ўтмаганми?” деган саволга – “Йўқ, раиссиз ўтмаган. Раис бўларди” деб таъкидлаб, “С.Кариев бўлмаганда шунда ўринбосарлар раис бўлиб ўтардими, майли, С.Кариев баённомага имзо қўйса ҳам?” деган саволга – “Ўтарди” деб таъкидлаган.
Шунинг учун ҳам, С.Кариев 2022 йил март ойида АҚШда хизмат сафарида бўлгани сабабли, унинг ўринбосари М.Иноятов раҳбар вазифасини вақтинча бажариб, айнан ушбу Низом талаби асосида Экспертлар кенгаши йиғилишдаги раислик вазифасини ҳам вақтинча бажариб, йиғилишни раис сифатида ўтказиб, баённоманинг С.Кариев томонидан имзоланишини кутмасдан, ўзи раислик қилган 6-сонли Экспертлар кенгаши давомида қабул қилинган қарор асосида “Док-1 Макс” гувоҳномасига имзо қўйган.
Экспертлар кенгаши котиби У.Темиров эса кенгаш баённомасини раислик қилган Иноятовга имзолатмасдан, С.Кариев сафардан қайтгандан кейин унга имзолатиб кетган.






