Юнусобод туманида магистрал сув тармоғида юзага келган авария оқибатлари бартараф этилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги соат 20:00 да тақдим этган ахборотда маълум қилинди.

Хабар қилинишича, ичимлик суви таъминоти тикланган, ер остидаги ишлар ҳам якунига етган. Воқеа жойидаги асфалт қопламасини тиклаш эса ишлари давом этмоқда.

Ҳисоб-китобга кўра, бу ерда 2300 квадрат метр майдондаги асфалт қопламасига зарар етган. Таъмирлаш ишларини Grand Road Tashkent компанияси олиб боради, ишлар 3 кунда якунланиши кўзда тутилган.

Аввалроқ сув таъминоти корхонаси ҳолатга электр энергиясидаги узилиш сабаб бўлганини билдирган, Энергетика вазирлиги буни рад этганди.