Жамият | 09:07 / 11.07.2024
8722
1 дақиқада ўқилади

Тошкентда ЙТҲ сабабли 5 700 хонадон газсиз қолди

Яшнобод туманида Nexia ва Spark машиналари тўқнашиб кетди. Бунинг оқибатида Spark ўрта босимли табиий газ қувурига бориб урилган ва унга зарар етказган. Ҳозирда таъмирлаш ишлари олиб борилаётганлиги билдирилди.

Фото: Ҳудудгаз Пойтахт

Тошкент шаҳрининг Яшнобод тумани ҳудудида икки машина иштирокида ЙТҲ табиий газ таъминотида узилиш келтириб чиқарди. Бу ҳақда “Ҳудудгаз Пойтахт” газ таъминоти филиали хабар берди.

Маълум қилинишича, 11 июл куни соат 2:15да рўй берган ЙТҲ оқибатида Яшнобод тумани Гўзал маҳалласидаги ўрта босимли газ қувурига шикаст етган. Бунинг оқибатида Яшнобод туманидаги 5 700 дан ортиқ хонадон газсиз қолган.

Қуйидаги ҳудудларда газ таъминоти авария бартараф этилгунга қадар вақтинча тўхтатилган:

– “Гўзал” МФЙдаги 70 та хонадон;

– “Олмос” МФЙ ҳудудида жойлашган 58 та кўп қаватли уйдаги 2436 та хонадон;

– “Қалқон” МФЙ ҳудудида жойлашган 40 та кўп қаватли уйдаги 3200 та хонадон.

Шунингдек, 10 улгуржи истеъмолчига ҳам табиий газ теказиб бериш тўхтатилган.

Таъмирлаш ишлари тугатилгандан сўнг табиий газ таъминоти қайта тикланиши билдирилган.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид