Ўзбекистон | 18:45 / 15.07.2024
17050
2 дақиқада ўқилади

Навоийда аёл ўз турмуш ўртоғининг қотилига айланди

Хатирчи туманида яшовчи аёл эрининг тазйиқи ва камситишларидан қутулиш учун уни ўлдиришни режалаштирган. У аввалига 20 дона “Энам” дорисини қатиққа аралаштириб, турмуш ўртоғига ичирган. Сўнгра ҳушсиз ҳолатга келган эрининг бош қисмига ёғоч бўлаги билан уриб, уни ўлдирган.

Фото: Хатирчи тумани ҳокимлиги

Навоий вилоятининг Хатирчи туманида яшовчи аёл ўз турмуш ўртоғининг қотилига айланди. У яшаган маҳаллада туман масъуллари иштирокида жиноят сабаблари муҳокама қилинди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, жиноят жорий йил 21 июн куни туманнинг Боғчакалон маҳалласида содир этилган. Унга оилавий келишмовчилик сабаб бўлган. Марҳум Қ.Қ. 2023 йилнинг сентябр ойидан Х.Қ. билан шаърий никоҳ асосида туманнинг Боғчакалон маҳалласида яшаб келган. 2024 йилнинг апрел ойидан эркакнинг қизи ҳам турмушидан ажрашиб, улар билан яшай бошлаган.

Х.Қ. жорий йилнинг 21 июн куни соат тахминан 22:00ларда турмуш ўртоғининг ўзига нисбатан доимий равишдаги тазйиқи ва камситишларидан қутулиш мақсадида уни ўлдиришни режалаштирган. Тузилган режага асосан дорихонадан 20 дона “Энам” дори воситасини олиб келган. Сўнгра уни қатиққа қўшиб, эрига ичирган.

Қ.Қ. дори таъсирида ҳолсизланиб, кўнгли айниган ҳамда ҳушсиз ҳолатга келган. Бундан фойдаланган аёл ёғоч бўлаги билан унинг бош қисмига бир неча маротаба уриб, тан жароҳати етказган. Оқибатда Қ.Қ. воқеа жойида вафот этган.

Жиноят содир этилган маҳаллада вилоят ИИБ бошлиғи А.Тасбаев, туман ҳокими У.Адизов, вилоят прокурорининг ўринбосари Р.Раҳматов, туман сектор раҳбарлари иштирокида муҳокама қилинган. Муҳoкамада жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари таҳлил этилган. Шунингдек, келгусида оғир ва ўта оғир турдаги жиноятларнинг олдини олиш мақсадида профилактик тадбирларни янада кучайтириш юзасидан масъулларга тегишли кўрсатмалар берилган.

Мавзуга оид