Жаҳон | 14:25 / 16.07.2024
7462
4 дақиқада ўқилади

Сўров: Украинларнинг деярли ярми - РФ билан музокараларни бошлаш тарафдори

Ҳозирда украиналикларнинг 44 фоизи тинчлик музокараларини бошлаш тарафдори, 35 фоизи эса қарши. Шу билан бирга, мутлақ кўпчилик Путин таклиф қилган «тинчлик» шартларига рози эмас.

Фото: ВВС

Украиналикларнинг 44 фоизи Россия билан тинчлик музокараларини бошлаш вақти келди, деб ҳисоблайди, респондентларнинг 35 фоизи бунга қарши, 21 фоизи жавоб беришга қийналган. Бу - Разумков маркази томонидан 15 июл, душанба куни эълон қилинган, Украинанинг ZN.UA («Ҳафта кўзгуси») нашри талабига биноан ўтказилган тадқиқот натижалари.

Унга кўра, мамлакат маркази аҳолисининг 49 фоизи Россия Федерацияси билан расмий тинчлик музокаралари бошланиши ҳақидаги маълумотни хотиржам қабул қилади. Украина ғарбий қисмида бу кўрсаткич сезиларли даражада паст - атиги 35 фоиз. Мамлакат шарқида, ўз навбатида, респондентларнинг атиги 33 фоизи музокаралар ўтказилишини истаса, 34 фоизи бунга қарши. Респондентлар деярли учдан бир қисми якуний тўхтамга кела олмаган. 

2022 йил октябр ойида Володимир Зеленский томонидан Путин билан музокаралар олиб боришнинг мумкин эмаслиги ҳақидаги фармонни бекор қилиш керакми, деган саволга сўровнома иштирокчиларининг 32 фоизи ижобий жавоб берди. 37 фоизи ушбу фармон кучда қолиши мумкинлигига ишонган.

Аксарият украинлар - Путин шартлари бўйича тинчликка қарши 

Шу билан бирга, украиналикларнинг мутлақ кўпчилиги мамлакат Владимир Путин таклиф қилган «тинчлик» шартларига рози бўлмаслиги керак, деб ҳисоблайди. Шу тариқа, респондентларнинг 83 фоизи Украина қўшинларининг Донецк, Луҳанск, Херсон ва Запорижжя вилоятлари ҳудудидан олиб чиқилишига рози бўлмаслигини билдирган. Респондентларнинг 77 фоизи Россия бошлаган уруш учун киритилган барча халқаро санкциялар бекор қилинишига қарши чиқди. Респондентлар 58,5 фоизи Украина Конституциясига нейтрал ва ядросиз мақом қўшилишига рози эмас. 22 фоизи бундай қадам ташлашга тайёр. 

Сўров иштирокчиларининг 51,5 фоизи учун Россия Федерацияси билан тинчликка эришишнинг минимал шарти Украинанинг 1991 йилги чегараларига қайтишидир. Респондентлар 26 фоизи Россия қўшинларининг 2022 йил бошида эгаллаб турган позицияларига олиб чиқилишига рози бўлди. 

Владимир Путиннинг таклифига рози бўлмаса-да, украиналикларнинг аксарияти (76 фоиз) Россия президенти фақат ўз шартлари асосида тинчликка йўл қўйишига ишонади. 47 фоиз Путин «савдолашишга тайёр» деб ҳисоблайди, чунки уруш Россия иқтисодиёти учун жуда қимматга тушади. 

Зеленский Россия билан тинчлик музокараларини истисно этмади

Июн ойи охирида Украина президенти Володимир Зеленский The Philadelphia Inquirer нашрига берган интервюсида Владимир Путиннинг Қора денгиз дон йўлагини яратиш бўйича келишувни келишишда фойдаланилган тамойил асосида халқаро воситачилар орқали тинчлик музокараларини олиб бориш имкониятини қабул қилишини айтди. «Ушбу модел ғалла йўлаги мисолида биринчи марта Украина Россия билан эмас, балки БМТ ва Туркия билан музокаралар олиб борганида қўлланди, улар, ўз навбатида, биз билан музокаралар олиб бориш, кейин эса шартномани имзолаш мажбуриятини олдилар. Россия Федерацияси билан тегишли келишув шундай ишлади: БМТ ва Туркия ўртасидаги иккита бир хил келишув», - дея тушунтирди у. 

Путин Украина билан музокаралар ҳақида нима дейди? 

14 июн куни Владимир Путин Россия ТИВ раҳбарияти билан гаплашар экан, Москва Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга қандай шароитларда тайёр бўлишини айтиб ўтди. Улар орасида: Донецк, Луҳанск, Херсон ва Запорижжя вилоятлари ҳудудидан Украина қўшинларининг олиб чиқилиши; Киевдан нейтрал мақом кафолатлари; Қримнинг, шунингдек, Донецк, Луҳанск, Херсон ва Запорижжя вилоятларини Россия ҳудуди сифатида тан олиш. 

Испаниянинг El Pais газетаси 10 июл куни Венгрия бош вазири Виктор Орбаннинг Европа Иттифоқи раҳбарлари ва Европа кенгаши раҳбари Шарл Мишелга 5 июл куни юборган махфий ҳисоботларига таяниб, Владимир Путин ва Хитой раҳбари Си Жинпинг 2024 йил охиригача Украина бўйича тинчлик музокаралари бошланишини кутаётгани тўғрисида хабар берди.

Мавзуга оид