Ўзбекистон | 13:33 / 19.07.2024
2164
2 дақиқада ўқилади

Эрон Ўзбекистонда писта етиштириш лойиҳасини амалга оширади

Эронлик тадбиркор Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида писта етиштириш лойиҳасини амалга оширмоқчи.

Фото: Дунё

Мамлакат элчихонаси кўмагида Эроннинг Кирмон вилоятида писта етиштиришга ихтисослашган етакчи тадбиркорлардан бири ва Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани мутасаддилари ўртасида онлайн учрашув ташкил этилди.

"Дунё" хабарига кўра, учрашувда Ўзбекистон элчиси Фариддин Насриев, Деҳқонобод тумани ҳокими Шерзод Шокиров ва Эронда писта етиштиришга ихтисослашган Кирмон вилоятида фаолият юритувчи етакчи тадбиркор ва соҳа мутахассиси Жавод Ҳайдарпур иштирок этди.

Томонлар Деҳқонобод туманида писта плантациясини ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Ҳоким Шерзод Шокиров Эрон вакилларига Деҳқонобод туманининг савдо-иқтисодий ва инвестициявий салоҳияти, географик жойлашуви, транспорт инфратузилмаси ҳамда инвесторлар учун тақдим этиладиган имтиёз ва енгилликлар тўғрисида батафсил сўзлаб берди. Шунингдек, таклиф этилаётган лойиҳа юзасидан тақдимот ўтказди.

Жавод Ҳайдарпур, ўз навбатида Кирмон вилоятининг савдо-иқтисодий, қишлоқ хўжалиги ва писта етиштириш бўйича салоҳияти ҳақида маълумот берди. Кирмон вилоятининг Рафсанжон, Сиржон, Шаҳрбобак, Заранд, Кермон, Анор, Равар каби ҳудудлари писта етиштириш бўйича энг йирик марказлар ҳисобланади. Ушбу ҳудудларда йилига 200 минг тоннага яқин писта етиштирилади.

Эрон томони, шунингдек, мазкур тармоқда тўплаган тажрибани кенг тарғиб этиш мақсадида таклиф этилган лойиҳани амалга оширишга қизиқиш билдирди.

Онлайн музокаралар якунида мазкур лойиҳани амалга оширишни бошлаш мақсадида Эрон вакилларининг Қашқадарё вилоятига ишчи сафарини ташкил этиш тўғрисида келишиб олинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид