Жаҳон | 09:41 / 19.07.2024
6075
3 дақиқада ўқилади

Россия Бош штаби бошлиғи собиқ ўринбосари Вадим Шамарин айбини қисман тан олди

Генерал Пермдаги «Телта» телефон заводидан 19 миллион рубл олганини инкор этмаяпти, бироқ яна 17 миллион қабул қилганини рад этди, деб ёзади «Коммерсант».

Фото: AP

36 миллион рубл миқдорида пора олганликда айбланаётган Россия Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғининг собиқ ўринбосари, генерал-лейтенант Вадим Шамарин ўз айбини қисман тан олди. Бу ҳақда 19 июл, жумага ўтар кечаси «Коммерсант» газетаси ёзди

Нашрнинг таъкидлашича, «генерал «Пермский телефонный завод «Телта» ОАЖ вакилларидан 19 миллион рубл олганини инкор этмади, лекин яна 17 миллион рубл қабул қилганини рад этди». «Коммерсант» деб ёзишича, суд Шамаринни 22 октябргача тергов ҳибсхонасида қолдирди. 

Генерал Вадим Шамарин иши 

Вадим Шамарин май ойининг охирида ҳибсга олинган. Йирик миқдорда пора олиш моддасига кўра, унга 8 йилдан 15 йилгача қамоқ жазоси тайинланиши мумкин. 

Генерал Шамарин Россия Қуролли кучларида 24 йил хизмат қилган ва Суриядаги жанговар ҳаракатларда қатнашган. Унинг мукофотлари орасида Россиянинг энг юқори орденларидан бири - 2-даражали «Ватан олдидаги хизматлари учун» унвони бор. «Коммерсант» эслашича, ҳибсга олинганидан кўп ўтмай Шамарин ўз лавозимидан четлаштирилган, бироқ Мудофаа вазирлигидан бўшатилмаган, балки штабдан чиқарилган. 

Россия Мудофаа вазирлиги раҳбарларига нисбатан жиноий ишлар

Жорий йилнинг баҳоридан бери Россия Мудофаа вазирлиги раҳбарларига қарши бир нечта жиноий иш қўзғатилганлиги маълум бўлди. Апрел ойи охирида Москвада мудофаа вазири ўринбосари Тимур Иванов пора олганликда айбланиб ҳибсга ташланган эди. 

Май ойида Россия Федерацияси Мудофаа вазирлигининг кадрлар бўлими бошлиғи Юрий Кузнецов қўлга олинди. У ҳам пора олишда айбланмоқда. Бундан ташқари, Россия Мудофаа вазирлигини танқид қилган 58-армиянинг собиқ қўмондони Иван Попов ҳибсда. У фирибгарликда айбланмоқда. 

2020 йилда Бош штаб бошлиғининг собиқ ўринбосари, генерал-полковник Ҳалил Арслонов қуролли кучларни техника билан таъминлашда фирибгарлик ва коррупция иши бўйича қўлга олинган эди. У фирибгарлик ва пора олишда айбланган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид