Жаҳон | 13:22 / 25.07.2024
3420
2 дақиқада ўқилади

Калуга вилоятида ҳарбий вертолёт ҳалокатга учради

Ми-28 одамлар бўлмаган ҳудудга қулаган. Вертолёт ҳалокатининг дастлабки сабаби техник носозлик эканлиги аниқланган.

Фото: Сергей Бобылев / ТАСС

Россия ҳарбийларига қарашли Ми-28 вертолёти Калуга вилоятининг Жиздра туманида ҳалокатга учради. Бу ҳақда 25 июл, пайшанба куни вилоят губернатори Владислав Шапша ўзининг Telegram-каналида маълум қилди. Жиздра тумани раҳбари Александр Барибин вертолёт Кленки қишлоғи яқинида ўрмонли ҳудудга қулаганини маълум қилди.

Россия Мудофаа вазирлиги ҳалокат ҳақидаги маълумотни тасдиқлади. Департамент маълумотларига кўра, самолёт ҳалокати натижасида экипаж ҳалок бўлган. Ми-28 экипажи икки кишидан иборат. 

Мудофаа вазирлиги, шунингдек, Ми-28 одамлар бўлмаган ҳудудга қулагани ва унинг қулаганидан кейин ерда ҳеч қандай вайроналар кузатилмаганини қўшимча қилди. 

Департамент маълумотларига кўра, вертолёт ҳалокатининг дастлабки сабаби техник носозлик бўлган. Унинг қулаган жойида Ҳарбий-космик кучлар комиссияси ва фавқулодда хизматлар ишламоқда. 

Ми-28 ҳужумкор вертолёти бўлиб, зирҳли техникалар, муҳандислик истеҳкомлари ва ҳаво нишонларини қидириш, йўқ қилиш учун мўлжалланган. Шунингдек, ҳудудни патрул қилиш ва разведка учун ҳам фойдаланилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид