Жаҳон | 08:59 / 10.05.2024
2918
3 дақиқада ўқилади

Россиядаги яна бир нефтни қайта ишлаш заводига дронлар ҳужум қилди

«Первый завод» ҳудудида портлашлар эшитилди, шундан сўнг маҳаллий нефт омбори ҳудудида ёнғин ва тутун пайдо бўлди, деб ёзади Россия пабликлари. Минтақа расмийлари ҳозирча ҳеч қандай маълумот бермади.

Фото: Alexander Ryumin/TASS/picture alliance

10 май, жумага ўтар кечаси дронлар Россиядаги яна бир нефтни қайта ишлаш заводига – бу сафар Калуга вилоятидаги корхонага ҳужум қилди. Бу ҳақда Россиянинг бир қанча Telegram-каналлари маҳаллий аҳоли маълумотларига таяниб хабар берди. Хабарларда айтилишича, Калуга яқинидаги «Первый завод» нефтни қайта ишлаш заводи ҳудудида портлашлар эшитилган. 

«Тунги соат бирларда «Полотняний завод» станциясидан унча узоқ бўлмаган Дзержинский туманида бир нечта кучли портлашлар эшитилди, аҳолининг сўзларига кўра, бунгача бир нечта учувчисиз учувчи аппаратларнинг характерли товушлари янграган, шундан сўнг маҳаллий нефт омбори ҳудудида ёнғин ва тутун кўринган», - деб ёзади Shot. «Завод ходимлари тунги соат 12 ларда заводдан эвакуация қилинди», - дея аниқлик киритди Astra.

Айни дамда минтақа расмийлари ва Россия Мудофаа вазирлигидан қурбонлар ва талафотлар ҳақида расмий маълумот йўқ. Маҳаллий аҳоли томонидан олинган видеоларга қараганда, нефтни қайта ишлаш заводидаги ёнғин анча катта характерга эга. 

Бошқирдистондаги нефт-кимё заводига учувчисиз учоқ ҳужум қилди 

9 май куни тушдан кейин Бошқирдистон Республикасининг Салават шаҳридаги «Газпром нефтехим Салават» нефт-кимё заводига дрон ҳужум қилди, деди минтақа раҳбари Радий Хабиров. Дастлабки маълумотларга кўра, қурбонлар ва жароҳатланганлар йўқ. «Бу байрамимизни обрўсизлантиришга уриниш, биз провокацияларга берилмоқчи эмасмиз», деди Хабиров ва завод одатдагидек ишлашда давом этаётганини қўшимча қилди. 

Россия нефтни қайта ишлаш заводларига ҳужумлар

Баҳор бошидан бери Россия нефтни қайта ишлаш заводларига ҳужумлар кучайди. Хусусан, 12 март куни Россиядаги энг йирик нефтни қайта ишлаш заводларидан бири – Нижний Новгород заводида ёнғин содир бўлди, 13 март куни эса УУА Рязан нефт заводи ва Ростов-Дон яқинидаги Новошахтинский нефтни қайта ишлаш заводига ҳужум қилди. 16 март куни дронлар Самара вилоятидаги иккита нефтни қайта ишлаш заводига ҳужум амалга оширди. 

17 мартга ўтар кечаси дронлар Славянск-Кубан шаҳридаги Славянск нефтни қайта ишлаш заводига ҳужум қилишга уринган. 27 апрел куни Славянск нефтни қайта ишлаш заводига янги ҳужум уюштирилди. 1 майга ўтар кечаси Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармасидаги («ГУР») «Украинская правда» манбасига кўра, УУА Россия Федерациясининг Рязан ва Воронеж вилоятларидаги нефтни қайта ишлаш заводларига зарба берган. 9 майга ўтар кечаси эса Украина дронлари Анападан 35 км узоқликдаги Юровка қишлоғидаги нефт омборига ҳужум қилди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид