Жаҳон | 09:38 / 25.07.2024
9149
2 дақиқада ўқилади

Россия ҳарбий-ҳаво кучларига янги қўмондон тайинланди

Аввалроқ «СБУ» генерал-лейтенант Сергей Кобилашни Украинадаги фуқаролик инфратузилмасини ўққа тутганликда айблаган эди. Генерал-майор Сергей Кувалдин Россия Федерациясининг узоқ масофага учувчи авиацияси қўмондони бўлди.

Сергей Кобилаш Фото: Егор Алеев / ТАСС

Россия ҳарбий-ҳаво кучларининг янги қўмондони этиб аввалроқ Россия узоқ масофали авиациясига қўмондонлик қилган генерал-лейтенант Сергей Кобилаш тайинланди. Бу ҳақдаги хабар 24 июл, чоршанба куни Россия Мудофаа вазирлиги сайтида эълон қилинди.

Кобилаш 1965 йилда Одессада туғилган. Ейск олий ҳарбий авиация учувчилар мактабини, Гагарин номидаги Ҳарбий-ҳаво кучлари академиясини ва Россия Қуролли кучлари Бош штаби Ҳарбий академиясини тамомлаган. 2023 йил январ ойида Украина Хавфсизлик хизмати («СБУ») у Украинадаги тинч аҳоли нишонларини ўққа тутганликда гумон қилинаётганини эълон қилиб, тегишли далиллар тўплаганини билдирди. 

Кобилаш ўрнига Россия узоқ масофага учувчи авиациясини генерал-майор Сергей Кувалдин бошқарадиган бўлди. Россия Федерациясининг узоқ масофали авиацияси Ту-95МС, Ту-160 стратегик ракета ташувчилари ва узоқ масофали Ту-22М3 бомбардимончи самолётларини ўз ичига олади. Уларнинг барчаси бир неча бор Украина ҳудудига зарба бериш учун ишлатилган.

«ФСБ» Россия бомбардимончи самолётини Украинага олиб кетишга уриниш ҳақида эълон қилган

19 апрел куни Россия Мудофаа вазирлиги Ставропол ўлкасида Ту-22М3 самолёти ҳалокатга учраганини тан олди. Украина ҳаво кучларининг даъво қилишича, Россия бомбардимончи самолёти Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси («ГУР») тақдим этган маълумотлардан фойдаланган ҳолда зенитчилар томонидан йўқ қилинган. 

8 июл куни Россия «ФСБ» Ту-22М3 стратегик бомбардимончи самолёти Украинага олиб қочилишининг олди олингани ҳақида эълон қилди - бу операция НАТО махсус хизматлари иштирокида тайёрлангани айтилган. Киев айбловларга изоҳ бермади.

Мавзуга оид