Эркаклик гормони бўлган тестостерон даражаси ошиб кетганида айбланаётган 25 ёшли спортчи бутун дунёдаги ўнг сиёсатчилар ва феминисткаларнинг танқидлари остида қолди. Улар ижтимоий тармоқларда Ҳелифга нафрат тўлқинини ёғдиришмоқда. Шунга қарамай, Иман бу уни синдира олмагани ва шунчаки курашни давом эттирибгина қолмасдан, Парижда -66 кг вазн тоифасида олтин медал олмоқчи эканини айтган. Шу билан бирга, ушбу жазоирлик қизни Халқаро олимпия қўмитаси, инклюзивлик тарафдорлари ҳамда сўл сиёсатчилар қўллашмоқда. «Спорт Экспресс» спорт бўлими муҳаррири Олег Шамонаев шу мавзуни таҳлил қилди.
«У Жазоир байроғини баланд кўтаради»
Жазоирлик Ҳелиф ва тайванлик Ю Тинг Лин 2023 йилда «тиббий сабаб»га кўра, Халқаро бокс ассоциацияси (IBA) томонидан дисквалификация қилинган. Аммо ХОҚ ва IBA ўртасидаги можаро туфайли боксчиларга 2024 йилги олимпия ўйинларида иштирок этишга рухсат бериш билан махсус комиссия шуғулланди, у эса ушбу спортчиларни четлатиш учун сабаб топмади. «Иккиси ҳам қабул қилиш қоидаларига ва барча тиббий кўрсаткичларга мос келади, — дейилади ХОҚ пресс-релизида. — Ушбу икки спортчига қарши қаратилган бундай тажовуз тўлиғича IBA қарорига асосланган, қайсики тегишли процедураларсиз қабул қилинган қарорга. Ҳолбуки бу спортчилар бунга қадар кўп йиллар мобайнида юқори даражадаги мусобақаларда иштирок этиб келишган».
Жазоир олимпия қўмитаси бош котиби Кейреддин Барбарий Иманга қарши ҳаракатлар юзасидан шикоят билдиргани ва «боксчини ҳимоялаш» учун ХОҚ билан боғланганини маълум қилди. Жазоир ёшлар ва спорт вазири Абдурраҳмадин Ҳаммад ижтимоий тармоқларда ўз ватандошининг тарафини олиб чиқди: «Ҳелиф — бизнинг қизимиз, синглимиз ва чемпионимиз. Иманнинг шахсий ҳаёти — босиб бўлмайдиган қизил чизиқ. Мен у қурбони бўлган ОАВдаги таъқибларни кескин қоралайман».
Боксчи қизни жазоирлик машҳур футболчилар ҳам қўллаб-қувватлашди. Масалан, Адлен Гедиура твиттерда Илон Маскнинг ўзига ҳужум қилди. «Ҳелиф — Жазоиримиз фахри. У зўр боксчи ва сиз бирор маълумотни тарқатишдан олдин уни текшириб олсангиз яхши бўларди», — дея ёзган Жазоир миллий жамоасининг собиқ футболчиси.
Жазоирлик яна бир футболчи Исмаэл Бинносир ушбу боксчи қиз «асоссиз нафрат тўлқинидан азият чеккани», «унинг Олимпия ўйинларига бориши — истеъдод ва қаттиқ меҳнат самараси» эканини таъкидлаган. «Биз у Жазоир байроғини баланд кўтаришига ишонамиз», — дея хулоса қилган «Милан» аъзоси.



















