Июл ойининг сўнгги кунида ваъда қилинган 79 та F-16 қирувчи самолётлари дастлабки ўнтаси Украинага етказиб берилди. The Economist 4 август, якшанба куни хабар беришича, бу «тўхтаб қолган Байден маъмурияти ниҳоят ўзининг ғайратли европалик иттифоқчиларига уларни юбориш учун яшил чироқ ёққанидан бир йил ўтиб» содир бўлди. 2024 йил охиригача Украина Америкада ишлаб чиқарилган 20 та қирувчи самолётни олиши керак бўлади. Дания ва Нидерландия бошчилигидаги коалиция томонидан ваъда қилинган қолган F-16 2025 йил давомида партиялар бўлиб келади.
Нашр келтирган Европадаги Америка кучлари собиқ қўмондони Бен Ходжеснинг сўзларига кўра, самолётни Украинага етказиш учун қанча вақт кетганидан ҳафсаласи пир бўлган. У F-16 самолётларини етказиб беришнинг кечикиши сабабларидан бири сифатида украиналик учувчилар учун ўқув жойлари етишмаслигини кўрсатди.
Учувчиларнинг инглиз тилини билмаслиги ва улар ўрганиб қолган совет давридаги Миг-29 ва Су-27 самолётларига нисбатан мураккаблиги ҳам ўз таъсирини кўрсатди, деб ёзади The Economist. Яна бир муҳим кечикиш омили - F-16’ни жойлаштириш учун инфратузилмани яратишга кетган вақт.
Россия Украинага етказиб берилган қирувчи самолётларни йўқ қилишга уринади
Германия Мудофаа вазирлиги собиқ бош штаб бошлиғи Нико Ланге газетага Россиядан ҳимояланаётганларга бериладиган самолётлар Россия Қуролли кучлари учун устувор нишонга айланади, деди. Шунинг учун F-16 самолётлари ерости ёки мустаҳкамланган бошпаналари бўлган тарқоқ базаларда, шунингдек, юқори даражада махфийлик билан жойлаштирилган.
The Economist фикрича, Украинада замонавий қирувчиларнинг секин ва босқичма-босқич тўпланиши туфайли F-16 уруш кейинги боришига сезиларли таъсир кўрсатиши учун бироз вақт ўтиши мумкин. Уларни Украина ҳаво мудофаа тизимларига интеграция қилиш ва операцион тажриба орттириш ҳам вақт талаб этади.
«Бироқ, F-16 келиши НАТО стандартларига мувофиқ ҳаво кучларининг ривожланиши бошланишини англатади, бу Украинани яхши ривожланган F-16 таъминот занжири билан боғлайди», деб хулоса қилади нашр. Унга кўра, кечикишларга қарамай, «F-16 аҳамиятини эътиборсиз қолдириб бўлмайди».
Стратегик ва халқаро тадқиқотлар марказининг сўнгги ҳисоботида айтилишича, маҳаллий ҳаво устунлигини қўлга киритиш ва қуруқликдаги қарши ҳужумни қўллаб-қувватлаш учун Украинага ҳар бирида 18 нафар қирувчи бўлган 12 ёки ундан ортиқ эскадриля керак.


















