Президент Шавкат Мирзиёев “Пробация тўғрисида”ги қонунни имзолади. Бу ҳақда Huquqiy axborot канали хабар берди.

Қонунга кўра, пробация – муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, мажбурий жамоат ишлари, ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш тарзидаги жазоларнинг ижро этилишини таъминлашга, маҳкумларга ижтимоий-ҳуқуқий ва тарбиявий таъсир кўрсатишга, шунингдек ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда уларга барҳам беришга, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиш сабабларини ва уларга имкон берадиган шарт-шароитларни аниқлашга, бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар мажмуи ҳисобланади.

Вазирлар Маҳкамаси пробацияни амалга ошириш соҳасида ягона давлат сиёсати рўёбга чиқарилишини таъминлайди. Қайд этилишича, ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаментининг пробация хизмати пробацияни амалга ошириш соҳасидаги ваколатли орган ҳисобланади.

Меҳнат органлари, давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари, таълим соҳасидаги республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва таълим ташкилотлари ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари пробация назоратини амалга оширишга кўмаклашувчи субъектлар сифатида белгиланган. Шахсни пробация ҳисобига қўйиш учун суднинг қонуний кучга кирган ҳукми, ажрими ёки қарори, шунингдек амнистия акти ёхуд афв этиш асос бўлади.

Шунингдек, қонунга кўра, шахсни пробация ҳисобига қўйиш мазкур шахснинг яшаш жойидаги туман (шаҳар) пробация бўлинмасининг ходими томонидан пробацияга оид ахборот тизимига маълумотларни киритиш орқали амалга оширилади. Электрон браслет озодликни чеклаш тарзидаги жазони ўташ тартиби талабларини бажармаётганлиги тўғрисида расмий равишда огоҳлантирилган ёки озодликни чеклаш тарзидаги жазони ўташ даврида жамоат тартибини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарликка тортилган пробация назоратидаги шахсга нисбатан туман (шаҳар) пробация бўлинмаси бошлиғининг қарори асосида қўлланади.

Пробация назоратидаги шахсларнинг хулқ-атвори белгиланган мезонлар асосида ҳар 3 ойда баҳоланади ва уларнинг ижтимоий-психологик қиёфаларида акс эттирилади.

Электрон кузатув воситаси 18 ёшга тўлмаган шахсларга, ҳомиладор аёлларга, уч ёшга тўлмаган болалари бор аёлларга, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга, тиббий кўрсатмаларга кўра электрон браслетни тақиш тавсия этилмайдиган бошқа шахсларга қўлланилиши мумкин эмас. Бу ҳақда қонуннинг Сенатдаги муҳокамасида маълум қилинганди