«Кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик солномасида янги саҳифа очдик» — Шавкат Мирзиёев
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 9 август куни Остона шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг олтинчи Маслаҳат учрашувида иштирок этди.
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев раислигида ўтган тадбирда Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов, шунингдек, фахрий меҳмонлар сифатида Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ва БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Каха Имнадзе ҳам қатнашди.
Кун тартибига мувофиқ, минтақада кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш, жумладан, сиёсий мулоқотни ривожлантириш, савдо, инвестициялар, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва экология соҳаларида қўшма дастур ва лойиҳаларни илгари суриш, маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштириш, шунингдек, замонавий таҳдид ва хатарларга қарши чора кўриш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон раҳбари ўз нутқида минтақада бирдамлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги умумий саъй-ҳаракатларни юқори баҳолади.
- Очиқ ва самарали мулоқотларимиз, илгари сурилган муҳим ташаббуслар, ишга туширилган кўп томонлама лойиҳалар ва дастурлар, амалга оширилган кўплаб қўшма тадбирлар ва шу каби бошқа ҳаракатларимиз минтақа қиёфасини ва имижини тубдан ўзгартирди, - деди Шавкат Мирзиёев.
Минтақа мамлакатлари самарали ҳамкорлик қилиб, муҳим масалаларни ҳал эта бошлагани таъкидланди. Ўзаро савдо, инвестициялар, юк ташиш ҳажми, фуқароларнинг ташрифлари бир неча баробар ошди. Хорижий давлатларнинг минтақага қизиқиши сезиларли даражада ошди, "Марказий Осиё плюс" форматидаги турли учрашувлар шундан далолат беради.
- Бугун биз умумминтақавий ўзига хосликни шакллантириш жараёни бошлангани ҳақида ишонч билан айтишимиз мумкин, - деди Ўзбекистон президенти.
Давлатимиз раҳбари ҳамкасбларининг минтақавий ўзаро ҳамкорлик механизмлари ва институтларини ишга тушириш, жумладан, миллий координаторлар, тармоқ вазирликлари ва идоралари вакиллари учрашувлари бўйича таклифларини қўллаб-қувватлади. Ҳозирги босқичда қабул қилинаётган қарорларни амалга ошириш ва қўшма лойиҳаларни илгари суриш учун таъсирчан воситалар кераклигини таъкидлади.
- Минтақавий интеграцияни чуқурлаштириш ва узоқ муддатли шериклик кун тартибини бойитиш учун Маслаҳат учрашуви форматини янада такомиллаштириш масалаларини биргаликда кўриб чиқиш вақти келди, - деди Ўзбекистон етакчиси.
Ушбу масалалар юзасидан концептуал тавсия ва таклифлар ишлаб чиқиш учун Марказий Осиё эксперт форумининг навбатдаги йиғилишини мамлакатимизда ўтказиш таклиф этилди.
Ўзбекистон президенти дунёдаги ҳозирги вазиятга тўхталиб, Марказий Осиё ўзининг геосиёсий жойлашуви туфайли глобал ишонч инқирози ва можаролар кескинлашувининг барча салбий оқибатларини бошидан кечираётганини қайд этди.
Анъанавий савдо-транспорт занжирлари бузилди, минтақа мамлакатлари санкция сиёсатининг асирига айланди, логистика харажатлари сезиларли даражада ошди, инфляция босими кучаймоқда, жаҳон капитал бозоридаги имкониятлар қисқармоқда, протекционизм кучаймоқда ва янги-янги тўсиқлар пайдо бўлмоқда.
Бундан ташқари, Афғонистондаги вазиятнинг ривожланиши билан боғлиқ масалалар халқаро кун тартибида иккинчи даражага тушиб қолди.
Марказий Осиё мамлакатларининг фаровонлиги кўп жиҳатдан умумий саъй-ҳаракатларга, яқиндан ҳамкорлик қилиш, қатъий чоралар кўриш ва минтақа манфаатларини биргаликда илгари суришга тайёрликка боғлиқ. Шу муносабат билан стратегик ҳужжат - Минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш концепциясини ишлаб чиқиш таклиф этилди.
Глобал жараёнларнинг Марказий Осиёнинг барқарор ривожланишига таъсири таҳлилидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Президенти минтақада амалий ҳамкорликнинг қатор устувор йўналишларини белгилаб берди.
Биринчи навбатда, узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган иқтисодий шерикликни ривожлантиришнинг янги драйверлари ва модели зарурлиги таъкидланди.
- Мамлакатларимиз табиий савдо шериклари бўлиб, миллий иқтисодиётларимиз бир-бирини тўлдиради, - деди Шавкат Мирзиёев.
Шу билан бирга, бугунги кунда мамлакатларимиз умумий товар айланмасида минтақавий савдонинг улуши кичик. Минтақада тўлақонли эркин савдо ҳудудини шакллантириш йўлидаги тўсиқлар сақланиб қолмоқда.
Таҳлилларга кўра, биринчи навбатдаги чора-тадбирларни амалга ошириш яқин беш йилда ўзаро савдо ҳажмини икки баробар ошириш имконини бериши таъкидланди.
Тариф ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш, мувофиқлик сертификатларини ўзаро тан олиш ва регламентларни унификация қилиш, божхона операциялари ва фитосанитария тартиб-таомилларини рақамлаштириш, давлат харидларидан фойдаланишни ўзаро енгиллаштириш имкониятларини кўриб чиқиш шулар жумласидан.
Ягона минтақавий бозорни шакллантириш узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган стратегик мақсад бўлиши керак.
Давлат раҳбари бу масалаларнинг барчасини кўриб чиқиш учун Иқтисодий кенгаш - Бош вазир ўринбосарлари даражасида мунтазам учрашувларни йўлга қўйиш таклифини билдирди.
Ўзбекистон келгуси йилда ушбу учрашувнинг биринчисини қабул қилишга ҳамда унинг доирасида Ҳудудлар форуми ва тармоқ конференциялари, саноат салоҳияти кўргазма-ярмаркаси, экспорт имкониятлари тақдимотларини ташкил этган ҳолда Марказий Осиё бизнес ҳамкорлиги ҳафталигини ўтказишга тайёр.
Саноат кооперациясини рағбатлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада муваффақиятли мисоллар мавжуд. Хусусан, чегараолди ҳамкорликка доир махсус ҳудудлар, замонавий автомобиллар, маиший электроника, фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳалари, аграр ва тўқимачилик кластерлари, логистика марказлари ва инфратузилма объектлари мавжуд.
- Биз кучларимизни бирлаштириб, қисқа қўшилган қиймат занжирларини яратиш, етакчи халқаро компаниялардан инвестиция ва технологияларни жалб қилиш, кооперациянинг янги шаклларини жорий этиш орқали минтақани саноатлаштиришнинг ягона харитасини шакллантиришга эриша оламиз, - деди давлат раҳбари.
Бу борада вазирлар даражасида Кенгаш таъсис этиш ва дастурий ҳужжат тайёрлаш таклиф этилди.
Шунингдек, Марказий Осиё инвестиция кенгаши, Инновацион ривожланиш банкини таъсис этиш, қўшма инвестиция форумларини мунтазам ўтказиб бориш масалалари ҳам истиқболли экани таъкидланди.
Минтақавий транспорт-коммуникация тармоғини ривожлантириш ҳамкорликнинг яна бир устувор йўналиши сифатида қайд этилди. Минтақанинг географик хусусиятларидан келиб чиқиб, ташқи савдо юкларини ташиш харажатларининг улуши товарлар якуний қийматининг 50 фоизигача етаётгани, бу эса жаҳон ўртача кўрсаткичидан тўрт-беш баробар юқори эканига эътибор қаратилди.
Шу муносабат билан келишилган тариф сиёсатини шакллантириш ва ўтказиш, миллий ташувчиларни қўллаб-қувватлаш учун имтиёз ва преференцияларни қўллаш, транспорт тармоғи ва инфратузилмасини модернизация қилиш, чегара пунктларининг ўтказиш қобилиятини ошириш, транспорт соҳасини рақамлаштириш масалалари тизимли ёндашувни талаб қилади.
Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишларни мувофиқлаштириб бориш зарурлиги таъкидланди. БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти экспертларининг ҳисоб-китобларига кўра, Марказий Осиё мамлакатлари нафақат асосий озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларини қондириши, балки халқаро бозорда мустаҳкам ўрин эгаллаши мумкин.
Бунинг учун қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш ва сувни тежашнинг инновацион технологияларини жорий этиш, ҳосилдорликни ошириш, чуқур қайта ишлашни ривожлантириш, селекция соҳасидаги илмий ишларни кучайтириш, кластер ва "ақлли" фермер хўжаликларини ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.
Ушбу соҳадаги Минтақавий стратегияни ишлаб чиқиш мақсадида жорий йил сентябрь ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Денгизга чиқиш имконига эга бўлмаган мамлакатларнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича халқаро форум доирасида минтақа қишлоқ хўжалиги вазирларининг учрашувини ўтказиш таклиф этилди.
Давлатимиз раҳбари иқлим ўзгариши муаммоларига алоҳида эътибор қаратди. Ҳарорат кўтарилиши, музликлар эриши, тошқинлар, қурғоқчиликлар, чанг бўронлари ва бошқа кўплаб табиат ҳодисалари жиддий талафотлар етказишда давом этмоқда.
- Жорий йилнинг ноябр ойида Озарбойжонда бўлиб ўтадиган Иқлим саммити давомида мамлакатларимиз ягона позиция билан чиқишлари мумкин. Бу ўринда сўз халқаро жамоатчилик, фондлар ва донорлик ташкилотлари эътиборини ушбу ўткир муаммолар, жумладан, Орол фожиасига ечим топишга қаратиш мақсадида минтақадаги экологик вазият ҳақида қўшма тақдимот ўтказиш ҳақида кетмоқда, - деди Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, Марказий Осиёни барқарор ривожлантириш бўйича комплекс дастур ва Трансчегаравий дарёлар сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича минтақавий стратегияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш таклиф этилди.
Энергетика соҳасидаги ҳамкорлик минтақа мамлакатлари ҳамкорлигининг асосий йўналиши сифатида қайд этилди. Бугунги кунда минтақавий миқёсда электр энергияси ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва уни учинчи мамлакатларга экспорт қилиш бўйича қатор стратегик лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.
Бундан ташқари, атом энергетикасини ривожлантириш, углеводородлар етказиб беришни кўпайтириш режалари ҳам бор.
Ўзбекистон президенти минтақа мамлакатлари парламентлари ўртасидаги самарали алмашинувларни ривожлантиришга юқори баҳо берди ва буни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини билдирди. Шу муносабат билан навбатдаги Парламентлараро форумни келгуси ойда Хива шаҳрида ўтказишни таклиф қилди.
Гуманитар соҳадаги ҳамкорлик масалаларига тўхталар экан, давлатимиз раҳбари “маданий-тарихий мероснинг умумийлигини ҳисобга олган ҳолда, халқларимизнинг минтақа келажаги учун дахлдорлиги, бирдамлиги, умумий масъулиятни англашини кучайтиришга катта эътибор бериш лозим"лигини таъкидлади.
"Марказий Осиё тарихи ва маданияти: ягона ўтмиш ва умумий келажак" халқаро медиа платформасининг тез фурсатда ишга туширилиши бу борада муҳим амалий қадам бўлади.
Минтақа халқларининг ўзаро бир-бирини тушуниши ва бирдамлигини янада мустаҳкамлаш мақсадида минтақавий ўзига хосликни шакллантиришнинг амалий жиҳатларига бағишланган илмий форум ўтказиш таклиф этилди.
Инновацион ғоялар ва лойиҳалар минтақавий танловининг мунтазам ўтказилиши "Марказий Осиё ёшлари кун тартиби - 2030"ни илгари суриш ва ёш авлодни ҳамкорлик дастурларига жалб этишга хизмат қилиши таъкидланди.
Ўзбекистон президенти таълим соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурди. Марказий Осиё таълим ва академик алмашув дастурини қабул қилиш ва етакчи олий ўқув юртларининг дипломларини ўзаро тан олиш тўғрисидаги битимни ишлаб чиқиш, иқтидорли талабалар ўқиши учун ўзаро келишувлар асосида стипендиялар ажратиш муҳимлиги қайд этилди.
Ушбу масалаларни атрофлича муҳокама қилиш учун октябрь ойида Тошкент шаҳрида биринчи Марказий Осиё таълим форуми ўтказилиши режалаштирилган.
Минтақавий шерикликнинг янги драйвери сифатида туризм соҳаси белгиланди. Туризм алмашинувини кенгайтириш мақсадида миллий ID-карталарни ўзаро тан олиш масаласини ўрганиш ва "битта тур - бутун минтақа" тамойили асосида оммавий туризм маҳсулотларини ишлаб чиқиш таклиф этилди.
Сўзининг якунида президент Минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришнинг 2040 йилгача мўлжалланган концепцияси қабул қилинишини қўллаб-қувватлади ҳамда Марказий Осиёда стратегик шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги кўп томонлама битимни тайёрлашни таклиф қилди.
Ўзбекистон раҳбари ушбу учрашувнинг самарали натижалари Марказий Осиёда дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатлари янада мустаҳкамланишига, минтақа халқлари фаровонлиги йўлида амалий ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилишига ишонч билдирди.
Президент Марказий Осиё давлатлари раҳбарларини келгуси йилда бўлиб ўтадиган еттинчи саммитда иштирок этиш учун Ўзбекистонга таклиф қилди.
Мавзуга оид
23:10 / 23.12.2024
Россия Қозоғистонда 7 млн долларлик фирибгарлик ишида айбланаётган Ўзбекистон фуқаросини экстрадиция қилди
17:57 / 23.12.2024
Қозоғистонда йўлда бузилиб қолган автобусдан ўзбекистонликлар қутқарилди
20:04 / 21.12.2024
Ғойиб бўлган машиналар иши: асосий фигурант Абдулла Абдурасуловнинг шериклари қамалди, унинг ўзини терговчи қўйиб юборган
15:00 / 18.12.2024