Ўзбекистон | 20:10 / 06.08.2024
63212
4 дақиқада ўқилади

Ўзбошимча эгалланган ер участкалари ва улардаги биноларни легаллаштиришга рухсат берилди

Ўзбекистонда ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларига “амнистия” эълон қилинди. Президент имзолаган қонунга асосан, қатор тоифалардаги объектлар учун мулк хуқуқини расмийлаштиришга рухсат берилди. Қонун 3,8 миллиондан ортиқ фуқаронинг 493 минг гектарлик ер участкалари учун кадастр олиш имконини беради.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон президенти “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.

Қонунга кўра, фуқаролар қуйидаги кўчмас мулкларни ўз номига (ижара ва мулк ҳуқуқи асосида) қонуний ўтказиб олиши мумкин:

  • 2018 йил 1 май кунигача якка тартибдаги уй-жой қуриб ўзбошимчалик билан эгаллаган ер ҳамда ундаги бино ва иншоотлар;
  • 2018 йил 1 май кунигача фуқаролар ва ташкилотлар томонидан ҳужжатда кўрсатилган майдондан ортиқча эгалланган ер ҳамда ундаги бино ва иншоотлар;
  • “бир марталик акция” доирасида ҳуқуқларни эътироф этиш охирига етмаган ер ҳамда ундаги бино ва иншоотлар;
  • 2021 йил 8 июнга (ҳокимларнинг ваколати бекор қилингунига) қадар туман (шаҳар) ҳокимлари қарори билан ажратилган, лекин вилоят ҳокими ёки халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланмаган ер;
  • боғдорчилик ва узумчилик ширкатлари ҳудудидаги турар жойлар ҳамда улар эгаллаган ер;
  • кичик саноат зоналари ҳудудига 2020 йил 9 мартгача жойлаштирилган тадбиркорларнинг ери;
  • давлат ордери билан хусусийлаштирилган бинолар ва уйлар эгаллаган ер;
  • ҳоким қарори билан мулк ҳуқуқи эътироф этилган бинолар ва уйлар эгаллаган ер участкаси.

Кўчмас мулкни қонунийлаштириш учун улар қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:

  • ер бошқа шахсга ажратилмаган ёки аукционга чиқарилмаган бўлиши;
  • ер участкасидан фойдаланишда низо мавжуд эмаслиги;
  • ер ва мол-мулк солиғи бўйича қарздорлик мавжуд эмаслиги;
  • муҳофаза зонасида, суғориладиган ерда жойлашмаганлиги;
  • бош режа талабларига зид эмаслиги (мавжуд бўлса);
  • ҳар бир категорияга хос бошқа шартлар (инвестиция мажбурияти бажарилганлиги, ширкат аъзоси ҳисобланиши ва бошқалар).

Қонунга кўра, якка тартибдаги уй-жойлар эгаллаган ерларга ижара ҳуқуқи қуйидаги ҳажмгача берилади:

  • 1998 йил 1 июлгача эгалланган бўлса – 0,24 гектаргача;
  • 1998 йил 1 июлдан 2018 йил 1 май кунига қадар эгалланган бўлса – Тошкент, Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида 0,06 гектар, қолган ҳудудларда 0,12 гектардан ошмаган ҳажмда.

Ушбу ҳажмдан ортиқча ерлар, агар низо бўлмаса, деҳқон хўжалиги ёки томорқа хўжалиги юритиш учун расмийлаштириб берилади.

Ҳуқуқларни эътироф этиш ҳудудлар бўйича босқичма-босқич амалга оширилади, бунинг учун Кадастр агентлиги ҳар йили режа-жадвал тасдиқлайди, унга асосан:

  • Кадастр агентлиги Автоматлаштирилган ахборот тизимини яратиб, унга барча ерлар бўйича 6 хил турдаги бирламчи маълумотларни киритади;
  • 10 та ваколатли орган (ҳокимлик, қурилиш, экология, солиқ, “Ўзбеккосмос” агентлиги ва бошқалар) ҳар бир ер участкаси бўйича ўз ваколатидаги маълумотларни тизимга киритади;
  • тизимда шакллантирилган электрон йиғмажилд маҳалла биноларида, Кадастр агентлиги сайтида ҳамда бошқа манбаларда эълон қилинади.

Тўпланган ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва қонунийлиги адлия органлари томонидан ўрганиб чиқилади.

Ижобий хулоса қабул қилинган фуқароларга Кадастр агентлиги томонидан хабарнома юборилади.

Хабарнома асосида бир марталик тўловни амалга оширганларга ҳар чоракда халқ депутатлари вилоят Кенгаши қарори билан ҳуқуқлар эътироф этилади (ерга – ижара ҳуқуқи, бино-иншоотга – мулк ҳуқуқи).

Қонун 3 ойдан сўнг кучга киради ва 2028 йил 1 январга қадар амал қилади.

Аввалроқ Адлия вазирлиги берган маълумотга кўра, бу янги қонун 3,8 миллиондан ортиқ фуқаронинг 493 минг гектарга тенг ер участкалари тақдирини белгилаб беради.

Мавзуга оид