90 минг доллар пора билан ушланган Когон тумани прокурори 15 йилга қамалди
Суд собиқ прокурорни фирибгарлик ва жуда кўп миқдорда пора бериш жиноятларини содир қилганликда айбли деб топган. Шунингдек, ҳукм билан Ғуломовнинг жиноий шериклари ҳам узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
Когон тумани прокурори Баҳодир Ғуломовга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Kun.uz’га Олий суд матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидов маълум қилди. Унга кўра, собиқ прокурор билан боғлиқ жиноят иши ЖИБ Самарқанд шаҳар судида кўриб чиқилган.
Суд ҳукмида келтирилишича, Баҳодир Ғуломов Когон тумани прокурори лавозимида ишлаб келиб фирибгарлик йўли билан ўзганинг жуда кўп миқдордаги пул маблағларини қўлга киритиш мақсадида 2024 йил январ ойи бошларида Н.Нўъмонов ва хавфли рецидивист бўлган З.Одилов билан жиноий тил бириктирган. Улар Бухоро вилоят прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётган “Когон ёғ - экстракция заводи” АЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши бўйича жамият таъсисчиларидан бирининг ишончига кириб, жиноят иши доирасида унга нисбатан айблов эълон қилмаслик ва жиноий жавобгарлик масаласини ҳал этмаслик масаласини Бухоро вилоят прокуратурасида ишловчи мансабдор шахслар орқали ҳал этиши мумкинлигини айтиб, 100 минг АҚШ доллари миқдорида пора беришга далолат қилишган.
Шундан сўнг, судланувчи Баҳодир Ғуломов 2024 йил 15 январ куни Бухоро шаҳрида жойлашган “Турон” меҳмонхонаси олдида 100 минг АҚШ долларини жиноий шериги Н.Нўъмонов орқали олган. Шунингдек, у жиноий ҳаракатларини давом эттириб, “Когон ёғ - экстракция заводи” АЖга алоқадор шахсларни Бухоро вилоят прокуратурасида ишловчи мансабдор шахслар орқали терговга жалб қилмаслик ва жиноий жавобгарликка тортмаслик эвазига такроран 100 минг АҚШ доллари миқдорида пора беришга далолат қилган ҳамда фирибгарлик йўли билан 44 минг АҚШ долларини қўлга киритган. Шундан 10 минг АҚШ долларини З.Одилов олиб, қолган 34 минг АҚШ долларини Н.Нўъмонов келгусида Баҳодир Ғуломовга бериш учун ўзида сақлаб келган.
2024 йил 13 феврал куни Бухоро шаҳар марказий касалхонаси ёнида ўтказилган тезкор тадбирда Баҳодир Ғуломов Н.Нўъмонов орқали 56 минг АҚШ долларини олган вақтида далилий ашёлар билан ушланган. Тезкор тадбир давомида судланувчи Н.Нўъмоновнинг Cobalt машинасидан “Когон ёғ - экстракция заводи” АЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши бўйича жамиятга алоқадор тўрт нафар шахсларни терговга жалб қилмаслик ва жиноий жавобгарликка тортмаслик эвазига сўралган 100 минг АҚШ доллари ҳисобидан 34 минг АҚШ доллари мавжудлиги аниқланиб, тегишли тартибда баённома асосида олиб қўйилган.
Суд мажлисида собиқ прокурор айбига иқрорлик билдириб, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон эканлигини, давлат раҳбаридан кечирим сўрашини айтган ҳамда суддан ўзига нисбатан қонуний енгиллик беришни сўраган.
Суд ҳукми билан Баҳодир Ғуломов Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик), 28, 211-моддаси 3-қисми “а” бандида (жуда кўп миқдорда пора беришда иштирокчилик) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. Унга 3 йил муддатга прокуратура органлари тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Шунингдек, суд ҳукми билан “New imperial oil” МЧЖда экспедитор лавозимида ишлаган Нажмиддин Нўъмонов 11 йил, хавфли рецидивист ҳисобланган Зафар Одиловга 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилган.
2022 йил апрелдан Когон тумани прокурори лавозимида ишлаб келган Баҳодир Ғуломов 2024 йилнинг 13 феврал куни тезкор тадбирда ДХХ ходимлари томонидан қўлга олинганди.
Андижон вилоятида ўтган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев пора билан қўлга тушган Баҳодир Ғуломов ҳақида тўхталиб ўтганди.
«Мен нима учун буни элга айтяпман? Буям бош прокурор ҳаракати билан амалга ошяпти. Бу ўзи курашчи бўлиб, ходими ўғри бўлса, дардимизни кимга айтайлик?
3 кун олдин менга айтди, мен айтдим, «индаманглар, эртага суддан қайтмаслиги керак бу нарса», дедим. Секин-секин 200 минг долларни гаплашган. 91 мингни олиб келяпти, «йўқ, наригисини ҳам олиб келасан», деяпти. «Уни ҳам индаманглар», дедим.
Учинчи куни 91 мингни олиб келди-да, 101 мингни олиб келинглар, деяпти. Энди яна майда-чуйда бўлмасин-ку, 10 мингни ўртадаги воситачилар олиб қўйяпти. «Йўқ, 10 мингни ҳам менга олиб кел», деди ноинсоф прокурор.
Бош прокуроримиз шу ерда ўтирибдилар, Бухорога бориб ишдан олади», деганди ўшанда давлат раҳбари.
Мавзуга оид
17:35 / 03.10.2024
Сирдарёда ногирон боланинг онасидан тиббий хулоса учун пул олган шифокорга ҳукм ўқилди
21:10 / 20.09.2024
Пора билан ушланган Даштобод станцияси бошлиғи илгари судланмагани айтилди
11:41 / 20.09.2024
Даштобод темирйўл станцияси бошлиғи пора олган вақтида ушланди
19:53 / 10.09.2024