Ёзги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон бокс жамоаси 5 та олтин медал қўлга киритиб, ушбу спорт турида умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади.

Беллашувларни якунлаб берган +92 кг вазнда Баҳодир Жалолов испаниялик Аюб Гадфани икки бор нокдаунга туширди ва 5:0 ҳисобида ғалаба қозониб, икки карра Олимпиада чемпионига айланди. Сурхондарёлик боксчи Токио-2020да ҳам тенгсиз бўлганди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ -51 кг вазнда Ҳасанбой Дўсматов ва таэквондода -68 кг вазнда Улуғбек Рашитов ҳам икки карра Олимпия ўйинлари ғолиблигини қўлга киритишганди.

Шу тариқа Париж Олимпиадаси якунига бир кун қолганида, Ўзбекистон медалларини 13 тага (8 олтин, 2 кумуш ва 3 бронза) етказиб, 13-ўринга чиқиб олди.