Жаҳон | 15:26 / 11.08.2024
4913
2 дақиқада ўқилади

Туркияда Instagram блокдан чиқарилди

Ижтимоий тармоқ мамлакат расмийлари билан ҳамкорликка рози бўлди.

Фото: AP

Туркияда расмийлар талабларини қондиришга ваъда берган Instagram ижтимоий тармоғи ишига қўйилган чекловлар олиб ташланди.

Ижтимоий тармоқнинг блокдан чиқарилиши ҳақида 10 август куни транспорт ва инфратузилма вазири Абдулқодир Ўролўғли маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Instagram ҳукумат талабларини қондиришга ва фойдаланувчиларга нисбатан қўйиладиган цензура борасида биргаликда ишлашга ваъда берган.

«Биз бошиданоқ ижтимоий медиа платформалари республика қонунларини ҳурмат қилишини хоҳлаган эдик», деб қўшимча қилди Ўролўғли.

Дунё бўйлаб ресурслар фаолиятини назорат қилувчи Netblocks лойиҳаси турк провайдерлари томонидан Instagram босқичма-босқич тикланаётганини қайд этди.

Туркия 57 миллион Instagram фойдаланувчисига эга ва бу кўрсаткич бўйича Ҳиндистон, АҚШ, Бразилия ва Индонезиядан кейин дунёда бешинчи ўринда туради.

Туркияда Instagram 2 август куни блокланди. Маҳаллий ОАВ тахминига кўра, бу қарорга ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳания ўлимига билдирилган таъзияларнинг ўчирилиши сабаб бўлган. Бир кун аввал Туркия президенти маъмуриятининг алоқа бўлими раҳбари Фаҳреттин Алтун Instagram платформасининг бундай ҳаракатларини қоралаб, уларни цензурага уриниш деб атаган эди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид