Жаҳон | 09:20 / 16.08.2024
3775
3 дақиқада ўқилади

Маҳмуд Аббос Ғазо секторига ташриф буюриш режаси ҳақида маълум қилди

Туркия парламентида сўзга чиққан ФММ раҳбари Фаластин миллий маъмуриятининг барча аъзолари билан бирга Ғазо секторига боришга ваъда берди. 

Фото: Adem Altan/AFP/Getty Images

Фаластин миллий маъмурияти (ФММ) раҳбари Маҳмуд Аббос Ғазо секторида давом этаётган уруш билан боғлиқ хавф-хатарларга қарамай, унга ташриф буюриш ниятида. Бу ҳақда у 15 август, пайшанба куни Туркия парламентининг навбатдан ташқари йиғилишида сўзлаган нутқида маълум қилди

«Бу борада бошқа иложимиз қолмади, мен ва Фаластин маъмуриятининг барча аъзолари Ғазога боришга қарор қилдик ва биз буни амалга оширамиз», - дея таъкидлаган Аббос. «Бизнинг ҳаётимиз Ғазо секторидаги ҳеч бир боланинг ҳаётидан қимматли эмас», - деди у. 

88 ёшли ФММ раҳбари 45 дақиқалик нутқида Фаластин ҳуқуқларини қўллаб-қувватлагани ва инсонпарварлик ёрдами кўрсатгани учун Туркия ва турк халқига миннатдорчилик билдирди ҳамда Исроилни Ғазо секторидаги «геноцид» учун қоралади. У Фаластин халқининг ўз ерлари учун курашда собитқадамлигини таъкидлади. «Фаластинликлар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишда давом этадилар ва ўз ерларини ташлаб кетмайдилар», - деди у. 

Аббос Анқарага 14 август куни Москвага ташрифининг эртасига етиб келди. ФММ раҳбари 13 август куни Россия президенти Владимир Путин билан музокаралар чоғида халқаро ҳамжамиятни Фаластин масаласи бўйича тинчлик конференцияси ўтказишга чақирди. Унинг сўзларига кўра, бу фаластинликларда халқаро ҳамжамият «икки халқ учун икки давлат» тамойилини амалга ошириш имкониятига жиддий ёндашишига умид уйғотиши керак. 

Яқин Шарқдаги кескинлашув

7 октябр куни эрталаб Ҳамаснинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.
 
Ҳамаснинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида Ҳамасга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 40 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.
 

Мавзуга оид