Тармпнинг сайловолди штаби қанча одам чиқариб юборилиши ҳақидаги саволга турлича жавоб бераётган бир пайтда, вице-президентликка номзод Жеймс Венс ABC News’га берган интервьюсида битта рақамни айтди: “Келинг, бир миллиондан бошлаймиз”.

Бу ваъда Трамп платформасининг асосий элементига айланган бўлса-да (унинг митингларида “Ҳозироқ оммавий депортация!” деб ёзилган плакатларни кўриш мумкин), экспертларнинг таъкидлашича, бунча одамни чиқариб юбориш жиддий ҳуқуқий ва амалий қийинчиликларга олиб келади.

Қандай ҳуқуқий муаммолар мавжуд?

Ички хавфсизлик вазирлиги ва Pew Research тадқиқот марказининг сўнгги маълумотларига кўра, ҳозирда АҚШда 11 миллионга яқин ноқонуний муҳожирлар истиқомат қилади. Бу кўрсаткич 2005 йилдан бери нисбатан барқарор бўлиб турибди.

Уларнинг аксариятини доимий яшовчилар ташкил қилади: деярли бешдан тўрт қисми ўн йилдан ортиқ вақтдан бери мамлакатда.

АҚШда қонуний мақомга эга бўлмаган муҳожирлар чиқариб юборилиш олдидан суд муҳокамасидан ўтиш ҳуқуқига эга. Депортациялар сонининг кескин кўпайиши, шусиз ҳам кечикишлардан азият чекаётган иммиграция судлари тизимининг янада кенгайишига олиб келади.

Мамлакатдаги муҳожирларнинг аксарияти иммиграция ва божхона полицияси (ICE) агентлари билан учрашиш орқали эмас, балки маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари воситасида депортация тизимига киради. Бироқ АҚШнинг кўплаб йирик шаҳарлари ва округларида маҳаллий полициянинг ICE билан ҳамкорлигини чекловчи қонунлар қабул қилинган.

Трампнинг сайловолди штаби ушбу “бошпана шаҳарлар”га қарши чоралар кўришга ваъда берди, аммо Американинг маҳаллий, давлат ва федерал қонунлари хилма-хиллиги вазиятни янада мураккаблаштиради.

Вашингтондаги Миграция сиёсати институти (MPI) сиёсий таҳлилчиси Кетлин Буш-Жозефнинг таъкидлашича, ICE ва маҳаллий ҳокимият ўртасидаги ҳамкорлик масаласи ҳар қандай оммавий депортация дастурининг “критик” жиҳатига айланяпти.

Мисол тариқасида Буш-Жозеф август бошида Флоридадаги Бровард ва Палм-Бич округлари шерифлари томонидан берилган баёнотни келтирди, унда шерифлар ҳеч бир оммавий депортация режасини амалга оширишга ўз ёрдамчиларини юбормаслигини айтишган.

Трампнинг оммавий депортация режаси билан ҳамкорлик қилмайдиганлар кўп,” — деди у. “Бу вазиятни анча мураккаблаштиради”.