Жаҳон | 13:11 / 20.08.2024
1757
5 дақиқада ўқилади

Блинкен Исроилда: Ҳозир гаровга олинганларни қайтариш учун охирги имконият

АҚШ давлат котиби Тел-Авивда Исроил президенти Ицхак Герцог билан учрашиб, уни Қўшма Штатлар қўллаб-қувватлашда давом этишига ишонтирди. 

Фото: Kevin Mohatt/Pool/Pool Photo via AP

2023 йил октябр ойида ҳужум қилган Ҳамас ва Исроил ўртасида Яқин Шарқдаги ҳарбий можарода Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва исроиллик гаровга олинганларни қайтариш учун сўнгги имконият бўлиши мумкин бўлган ҳал қилувчи дақиқа келди. Бундай фикрни АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Тел-Авивда Исроил президенти Ицхак Герцог билан суҳбатда билдирди. Давлат департаменти 19 август, душанба куни ушбу суҳбатнинг стенограммасини ўз веб-сайтида эълон қилди

Блинкен бу Исроилга 2023 йил октябр ойидан бери тўққизинчи сафари эканлигини ва Тел-Авивга АҚШ президенти Жо Байден номидан ўт очишни тўхтатиш бўйича «келишув имзоланишига эришиш учун жадал дипломатик саъй-ҳаракатлар» доирасида келганини таъкидлади. 

«Буни қилиш вақти келди. Ҳеч ким бу жараённи издан чиқарадиган қадамлар қўймаслигига ишонч ҳосил қилиш вақти келди», - деди Америка дипломатияси раҳбари. 

АҚШнинг Исроилга ҳарбий ёрдами

Блинкен қўшимча қилишича, Вашингтон Исроилнинг унга Эрон, «Ҳизбуллоҳ» ва бошқалар» томонидан ҳужум қилиш эҳтимоли ҳақидаги хавотирларини тушунади. Шу муносабат билан у АҚШнинг «Яқин Шарқда ҳар қандай ҳужумлар олдини олиш ва керак бўлганда улардан ҳимояланиш учун кучларни жойлаштириш» чораларини эслатди.

Блинкеннинг баёнотидан олдин Ицхак Герцог Қўшма Штатларга Исроилга «жуда кучли» ҳарбий ёрдам кўрсатгани учун миннатдорчилик билдирди. «Мен сизга шахсан миннатдорчилик билдирмоқчиман ва бу минтақадаги кучни намойиш этгани учун (АҚШ) президентига миннатдорчилик изҳор этмоқчиман, чунки ҳеч ким Исроилга ҳужум қилмаслиги ёки бизнинг ҳаракатларимизга аралашмаслиги кераклиги аниқ бўлиши керак», - деди Исроил давлати раҳбари.

Ҳамас оташкесим таклифини рад этди

Аввалроқ, 18 август куни Ҳамас ҳаракати Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича билвосита музокараларнинг сўнгги босқичидаги таклифларни рад этгани маълум бўлган эди. Ҳаракат вакиллари Исроил томони илгари сурган янги талабларни қабул қилишдан бош тортди. «Доҳадаги музокараларнинг сўнгги раундида нималар муҳокама қилинганини воситачилардан билиб, биз Нетаняҳу келишувга эришиш йўлида тўсиқлар қўйишда давом этаётганига яна бир бор амин бўлдик», — дея гуруҳ вакилининг сўзларидан иқтибос келтиради dpa агентлиги. Унинг сўзларига кўра, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу «воситачилар саъй-ҳаракатларини йўққа чиқариш, урушни узайтириш учун янги шарт ва талабларни илгари суради». 

Агентлик таъкидлаганидек, Ҳамас, хусусан, Исроилнинг Ғазо сектори бир қанча нуқталарида, жумладан, сектор ва Миср чегараси бўйлаб ўтувчи Филаделфия коридорида ҳарбий мавжудлигини сақлаб қолиш ниятидан қониқмаган. 

AFP эслатганидек, Ғазо бўйича таклиф уч босқичли жараённи кўзда тутади, унинг давомида Ҳамас 7 октябр куни ўғирлаб кетилган барча гаровга олинганларни озод қилиши керак. Бунинг эвазига Исроил ўз кучларини Ғазо секторидан олиб чиқиб, фаластинлик маҳбусларни озод қилиши лозим. 

Яқин Шарқдаги кескинлашув

2023 йил 7 октябр куни эрталаб Ҳамаснинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

Ҳамаснинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида Ҳамасга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 40 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид