Жаҳон | 00:53 / 20.08.2024
5829
2 дақиқада ўқилади

Исроил АҚШнинг Ғазо бўйича сулҳ тузиш ва асирларни озод этиш таклифини қўллаб-қувватлади

Исроилга ташриф буюрган АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен эришилган келишувлар моҳиятига аниқлик киритмади. У Нетаняху билан учрашувдан кейин дарҳол Қатарга, сўнг музокараларни давом эттириш учун Мисрга йўл олади.

Фото: Getty Images

Исроил АҚШнинг Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва асирларни озод этиш борасидаги таклифини қўллаб-қувватлади, деб хабар беради давлат котиби Энтони Блинкен.

Блинкен Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан учрашувидан кейин баёнот берди. Унинг сўзларига кўра, «кейинги муҳим қадам — ҲАМАС «ҳа», дейишида қолди».

АҚШ давлат котиби эришилган келишувлар моҳиятига аниқлик киритмади. У Нетаняху билан учрашувдан кейин дарҳол Қатарга, сўнг музокараларни давом эттириш учун Мисрга йўл олади.

Ғазода сулҳ бўйича музокаралар ва асирларнинг озод этилиши ҳақидаги гап-сўзлари охирги ҳафталарда кўп муҳокама қилинди. Дипломатлар эришилажак битим Теҳронда ҲАМАС сиёсий бюроси раиси Исмоил Ҳания ва Байрутда «Ҳизбуллоҳ» етакчисининг катта маслаҳатчиси Фуад Шукр ўлдирилганидан кейин қасос олишни ваъда қилган «Ҳизбуллоҳ» ва Эронни тўхтатиб туришига умид қилмоқда. The New York Times 17 август куни Эрон Ғазо бўйича музокараларга путур етказмаслик учун Исроилга зарба беришни кечиктиришга рози бўлгани ҳақида ёзган эди.

Аввалроқ Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан телефон орқали суҳбатда минтақадаги кескинликни камайтириш ва ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришиш муҳимлигини таъкидлаган эди. «Мен яна барча асирларни озод қилиш, ўт очишни тўхтатиш тўғрисида битим тузиш ва узлуксиз инсонпарварлик ёрдамини кўрсатиш бўйича чақириқни такрорладим», — деб ёзади ҳиндистонлик сиёсатчи ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасига. 

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид