Жаҳон | 22:05 / 20.08.2024
5115
3 дақиқада ўқилади

Хиллари Клинтон Камала Харрисга «шиша шифт»ни синдириш вақти келганини айтди

АҚШ президентлигига илк аёл номзод сифатида тарихга кирган Хиллари Клинтон машъалани топшириш вақти келганини таъкидлади.

Фото: Getty Images

АҚШ собиқ давлат котиби Хиллари Клинтон Демократик партия миллий қурултойида Камала Харрис ваниҳоят биринчи аёл президентга айланиб, Америкадаги «энг баланд ва мустаҳкам шиша шифтни» синдира олишини айтди.

Клинтоннинг маълум қилишича, у йирик партия номидан президентлик лавозими учун номзодликни илк бор қўлга киритган аёл сифатида ўзининг «шиша шифтини» парчалаган. «Биримиз учун тўсиқ янчиб ўтилса, у барчамизга йўлни очиб беради», — дейди у саккиз йил олдинги қурултойда сўзлаган нутқини такрорлаб.

Хиллари Клинтон 2016 йилда президентлик лавозими учун номзодини қўйган аёл сифатида тарихга кирган бўлсада, охир-оқибат сайловларда Доналд Трампга мағлуб бўлган. Энди Демократик партия яна бир бор аёл кишини Оқ уй раҳбарилавозимига номзод сифатида кўрсатаётган пайтда у машъалани топшириш вақти келганини айтмоқда.

«Биргаликда энг баланд ва энг мустаҳкам шиша шифтда кўплаб ёриқлар очдик. Шиша шифт ортида Камала Харрис қўлларини кўтарган ҳолда Қўшма Штатларнинг 47-президенти сифатида қасамёд қабул қилмоқда», — дейди Клинтон.

BBC билан суҳбатлашган сиёсатчи аёллар ва делегатлар ҳам давлат лавозимларига номзод бўлишда, ҳам ўз жамоаларига хизмат қилишда қатор тўсиқларга дуч келишларини айтди. Мичиган штатидан сайланган сенатор Меллори Макморроу 2018 йилда прездентлик учун номзодини илгари сурганида, округдаги аёллардан бири ундан фарзанд кўришни режалаштираётгани билан қизиққан.

«У юзимга қараб, бу иш оналар учун эмаслигини айтди», — дейди Макморроу. У Мичиган тарихида ўз лавозимида бўла туриб фарзанд дунёга келтирган иккинчи аёлга айланди.

Хиллари Клинтон 2016 йилда президентлик пойгаси вақтида ташқи кўриниши, кийиниши ва ҳатто овози борасида тандиқлар домида қолганди. Оҳайо штатидан делегат Делорис Хадсонга кўра, сайловчилар Клинтонни нафақат шахсий ваколатлари, сенатор ва АҚШ давлат котиби лавозимидаги фаолиятига қараб, балки турмуш ўртоғи, собиқ президент Билл Клинтон билан муносабатларига қараб ҳам баҳо берган.

Хадсоннинг таъкидлашича, кўплаб аёллар Хилларини турмуш ўртоғининг Моника Левински билан муносабатларидан хабар топганидан кейин ҳам алоқани узмагани учун қоралаган.

2016 йилда Клинтоннинг Трампга мағлуб бўлиши ўзгаришлар учун катализатор бўлиб хизмат қилди. У бутун мамлакат бўйлаб аёллар юришларига ва 2018 йилги сайловларда рекорд миқдордаги аёл номзодларнинг иштирок этишига туртки бўлди. Ҳозирда Вакиллар палатасининг 28,5 фоизни аёллар ташкил этади, 2017 йилда уларнинг сони 19,1 фоизга тенг эди.

Мавзуга оид