1 октябрдан бошлаб Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида имтиёзли савдо битими ишга тушади ва Афғонистоннинг қатор маҳсулотларига бож бекор қилинади. Афғон тадбиркорлари Термиз халқаро савдо марказига визасиз кириб, ҳеч қандай солиқларсиз фаолият юритиши мумкин бўлади, дея маълум қилди Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири.

17 август куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги ҳукумат делегацияси Афғонистонга ташриф буюрганди. Ташриф доирасида Кобулда Афғонистон бош вазири вазифасини бажарувчи Абдул Ғани Бародар, бош вазирнинг маъмурий масалалар бўйича ўринбосари Абдус-Салом Ҳанафий, бош вазирнинг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Абдул Кабир ва ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақий билан икки томонлама учрашувлар ўтказилди.

Ташриф доирасида Ўзбекистон–Афғонистон бизнес-форуми ҳам ташкил этилди. Форумда инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов чиқиш қилиб, икки томонлама ҳамкорликдаги муҳим йўналишларга тўхталиб ўтди. Унинг нутқини Афғонистондаги RTA телеканали тақдим этди.

“Биринчидан, мамлакатларимиз ўртасида ўзаро савдони янада ошириш ва яқин истиқболда 3 млрд долларга етказиш бўйича катта режаларимиз бор. Бу борада жорий йил 1 октябрдан бошлаб икки мамлакат ўртасида имтиёзли савдо битими ишга тушади. Ушбу ҳужжат доирасида келишилган қатор маҳсулотлар, шу жумладан, Афғонистондан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, гиламлар, мармар учун импорт божлари бекор қилинади. Бу экспортёрлар учун қулайлик яратади.

Иккинчидан, давлатларимиз ўртасидаги Айритом–Ҳайратон чегара постида божхона тизими 24 соатлик иш режимига ўтказилди. Бундан буён мамлакатлар ўртасидаги автомобиллар қатнови тун-у кун амалга оширилади. Бу икки давлат тадбиркорлари иш фаолиятида қўшимча 2 баробар кўп имконият яратади. Ўзаро савдо ҳажмларини янада ривожлантиради.

Учинчидан, биродар афғон халқига қулайлик яратиш мақсадида яқин кунларда Ўзбекистон жанубида Термиз халқаро савдо марказини тўлиқ ишга тушириш бўйича ишлар амалга ошириляпти. Марказга ташриф буюрувчилар учун 15 кунлик визасиз режим жорий қилинди. Афғонистон тадбиркорлари барча солиқлардан озод этилади. Бугун марказдан фойдаланиш бўйича ҳужжат имзоладик.