Ўзбекистон | 08:47 / 23.08.2024
6041
2 дақиқада ўқилади

Истеъмолчиларга сув таъминоти хизматлари кўрсатиш қоидаларига ўзгартириш киритилди

Вазирлар Маҳкамасининг “Ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тизими такомиллаштирилиши муносабати билан ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Истеъмолчиларга сув таъминоти ва оқова сувни чиқариш хизматлари кўрсатиш қоидаларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра:

  • янги қурилаётган кўп квартирали уйларнинг совуқ сув ҳисоблагичлари квартира ташқарисида (зинапоялар, ертўлалар ва бошқа қисмида) ўрнатилган ҳолатларда ҳисоблагич ва пломбаларни сақлаш бўйича жавобгарлик ичимлик сув таъминоти ва оқова сувни чиқариш марказлаштирилган тизимларидан фойдаланиш соҳасида сув қувурлари — канализация хўжалиги ташкилотлари зиммасига юкланади;
  • илгари I гуруҳ истеъмолчилари, бўнак тариқасида, коммунал хизматлар учун 12 ойдан кўп бўлмаган муддатга тўловларни аввалдан амалга ошириб қўйган бўлсалар, улар шу вақт мобайнида тарифлар (шунингдек, махсус устама миқдори)нинг ўзгариши туфайли тўланадиган қўшимча тўловлардан озод этилган бўлсалар, эндиликда ушбу давр 2 ойни ташкил этади.

Маълумот учун: I гуруҳга — хусусий уй-жойларда ва кўп квартирали уйдаги хонадонларда яшайдиган жисмоний шахслар киради.

Шунингдек «Хоразм вилоятида сув таъминоти ва канализация тизимларини модернизация қилиш» ва «Наманган вилоятида сув таъминоти ва канализация тизимларини модернизация қилиш» лойиҳалари ва ҳудудлардаги бошқа лойиҳалар муддатлари узайтирилмоқда.

2018 йилда ушбу икки лойиҳани амалга ошириш учун Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан 120 млн АҚШ доллари қарз олиш тўғрисида келишув имзоланган бўлиб, ушбу лойиҳаларни амалга оширишнинг дастлабки муддати 4 йилни ташкил этган (2019-2022 йиллар).

Мавзуга оид