Жаҳон | 17:00 / 25.08.2024
3510
2 дақиқада ўқилади

Россия Давлат думасида судланган мигрантларни депортация қилиш таклиф этилди

Россия Давлат думасига судланганликка эга мигрантларни мамлакатдан чиқариб юбориш тўғрисидаги қонун лойиҳаси киритилди.

Сардана Аксентйева. Фото: «Новие люди» партияси

Келгуси ҳафтада Россия парламентининг қуйи палатаси депутатлари судланган барча мигрантларни мамлакатдан чиқариб юбориш тўғрисидаги ташаббусни киритишади. Бу ҳақда Давлат думасининг давлат қурилиши ва қонунчилик бўйича қўмитаси раиси ўринбосари Сардана Аксентйева ўз Телеграм каналида маълум қилган.

Энди унчалик ижтимоий зарари юқори бўлмаган қилмиш учун ҳам судланган мигрантлар Россиядан депортация қилиниши мумкин.

Депутатлар судланганликка эга мигрантларни, ҳаттоки судланганлиги олиб ташланган ёки сўндирилган бўлса ҳам мамлакатдан чиқариб юборишни таклиф қилишмоқда.

«Судланганликка эга абсолют барча мигрантлар, шу жумладан судланганлиги олиб ташланган ва сўндирилган бўлса ҳам қайта киришига тақиқ билан мамлакатдан чиқариб юборилиши керак», — деб ёзган у.

Аксентйеванинг қўшимча қилишича, судланган мигрантларни вақтинчалик яшаш гувоҳномаси (РВП) ва истиқомат изни (ВНЖ)дан ҳам маҳрум қилиш керак.

Депутатнинг ёдга солишича, Россияда айни дамда қасддан содир этилган жиноятлар учун судланганлиги олиб ташланмаган ёки сўндирилмаган хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг мамлакатга кириши тақиқланган. Бироқ жазо муддати тугагач, бундай фуқаролар Россияга бемалол кириб келиши мумкин.

Депутат токи миграцион сиёсатда тартиб бўлмас экан, ислом радикализми ҳолатларига қарши курашиб бўлмаслигини таъкидлаган.

Бундан ташқари, у Тураржой Кодексини ҳам қайта кўришга чақирмоқда. Аксентйева Россияда тобора кўпайиб бораётган «ибодат уйлари»га чек қўйиш кераклигини таъкидлаган.

Мавзуга оид