28 август, чоршанба куни Парижда XVII ёзги Паралимпия ўйинлари бошланди. Очилиш маросими маҳаллий вақт билан соат 20:00 да (Тошкент вақти билан 23:00) Конкорд майдонида бошланди. Елисей майдонларида ўтказилган жамоалар парадида 4400 га яқин спортчи – дунёнинг 180 дан ортиқ делегацияси вакиллари иштирок этди. 

Шоу режиссёри, аввалроқ Парижда бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларининг очилиши ва якунланишида бўлгани каби Тома Жолли бўлди, хореографик чиқишлар эса Александр Экман томонидан саҳналаштирилган. Франциянинг RFI давлат радиостанцияси эфирида Жолли Паралимпия ўйинларининг очилиш маросими инклюзивлик ва жамиятдаги тарқоқликдан тотувлик сари йўлга асослаганини айтди. 

Паралимпия ўйинлари 8 сентябрга қадар давом этади. Мусобақада иштирок этаётган спортчилар 22 спорт тури бўйича медаллар учун кураш олиб боради. 

Фото: AP

Ўзбекистон делегацияси

Маросимда Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этди. Унда Ҳусниддин Норбеков ва Моҳигул Ҳамдамова байроқдорлик қилишди.

Тўрт йилликнинг нуфузли турнирида Ўзбекистон шарафини 65 нафар спортчи ҳимоя қилади. Улар жами 113 та лицензияга эга чиқишган.

Россия ва Беларус спортчилари Паралимпия ўйинларида

Россия ва Беларус спортчиларига Россиянинг Украинага кенг миқёсли ҳужуми муносабати билан киритилган санкциялар туфайли Паралимпия ўйинларида фақат нейтрал мақомда иштирок этишга рухсат берилди. Бу спортчилар Ўйинларнинг очилиш маросимида қатнашмади. Уларга ўз мамлакатлари байроқларидан фойдаланишга рухсат берилмайди, агар улар ғалаба қозонса, давлат мадҳияси янграмайди. ТАСС агентлиги Халқаро паралимпия қўмитасига таяниб, ўйинларда 90 нафар россиялик ва саккиз нафар беларуслик иштирок этишига рухсат берилганини хабар қилди. 

Бу қарор танқидларга сабаб бўлди. Хусусан, Германия имконияти чекланган спортчилар уюшмаси (DBS) президенти Фридхелм Юлиус Бойхер Россия Федерацияси ва Беларус спортчиларига Паралимпия ўйинларида «ўрин йўқ»лигини айтди. «Агар Олимпиада ва Паралимпия ўйинлари тинчлик хабарини етказмоқчи бўлса, бошқа давлатга ҳужум қилиб, ўлим ва ҳалокат сепаётган давлат спортчиларига украиналик спортчилар билан бирга мусобақалашиш имконияти берилмаслиги керак», деди Бойхер.