Ислом Каримов номидаги халқаро аэропортни реконструкция қилиш лойиҳаси доирасида халқаро авиақатновлар терминалининг майдони 45 минг квадрат метрдан 65 минг квадрат метргача кенгайтирилди. Бу ҳақда “Uzbekistan Airports” АЖ ўтказган пресс-турда маълум қилинди.

Объектни автомобиллар турар жойи томон суриш орқали кенгайтиришга эришилган. Шу муносабат учиб кетиш терминали олдидан панжаралар олиб ташланиб, транспорт воситаларининг бино ёнигача кириш имконияти яратилган.

Маълумот учун, терминалга кириш йўлагига ЙҲХХ тизимлари билан интеграциялашган йўл камералари ўрнатилган бўлиб, тизим автоматик равишда ишлайди. Яъни кириш линиясида рухсат этилган тўхташ вақтидан ошиб кетган автомобил эгаларига автоматик равишда жарима билдиришномаси юборилади. Ҳозирда терминалда тўхтаб туриш вақти барча енгил автомобиллар, сайёҳлик автобуслари ва микроавтобуслар учун 10 дақиқагача деб белгиланган.

Учиб кетиш терминалининг ўзида майдони 2,5 минг квадрат метрдан ортиқ зал қурилиб, фойдаланишга топширилди. Унга кираверишда йўловчилар ва кузатувчилар учун дастлабки текширув ташкил этилган. Бунда одамлар багажларини сканерга жойлаштиришлари ва аркали металл детектордан ўтишлари керак бўлади.

Залда 40 та: умумий залда 37 та, SIP залида 2 та ва VIP залда 1 та рўйхатга олиш пештахтаси мавжуд. Баъзи хизматлардан, хусусан, багажни қадоқлаш, сим-карталарни сотиб олиш, банкомат хизматлари, зарядлаш станциялари ва вендинг автоматларидан фойдаланиш мумкин.

Рўйхатдан ўтиш жойига чиқиш учун ушбу зонада лифт, зина ва эскалатор (травалатор) ўрнатилган. Шулар орқали тепа қаватга чиқиб олиш мумкин.