Париждаги муваффақияти сабаб 22 ёшли Улуғбек Рашитов икки карра олимпиада чемпиони бўлган ўзбекистонлик илк таэквондочига айланди. У Kun.uz мухбири билан суҳбатда икки карра чемпионлик машаққатлари, олимпиада вақтидаги хавотирлари ҳақида гапириб берди.

Оёғим синди деб ўйладим”

– Бу сафарги олимпиада мен учун анча қийин ўтди. Токио олимпиадасида нисбатан ёш бўлганман ва масъулият деган нарсани ҳозирдагичалик кучли ҳис қилмаганман. Парижга йўл олаётганимда олимпиада чемпиони деган номим бор эди, жавобгарлик ҳисса бир неча карра юқорироқ бўлди. 

Олимпиададан бир ой аввал Кореяда ўтказилган мусобақаларда жангга тушиб, чап оёғимдан жароҳат олдим. 4 ҳафтадан ошиқ вақт мобайнида шифокор ҳузурида даволандим ва деярли чап оёғимда машқ қила олмадим. Мусобақаларга яқин қолганда эса “чап оёғимни ишлатмасдан қандай жанг қиламан” деган хавотирлар бошланди. Парижга йўл олиш арафасида оғриқ бироз камайди.

Бу йилги олимпиадада ярим финалда испаниялик рақибим Хавер Перес Поло билан жангга чиққанимда айнан ўша оёғим билан зарба бердим, чунки бу рақиб билан, асосан, чап оёқда жанг қилиш талаб этиларди. Зарба йўллаган пайтимда суягим бирдан қисирлади ва оёғим синди, деб ўйладим. Сўнг мураббийимга қарадим, улар менга “ўрнингдан тур, кураш” дедилар. Ўшанда орқамда кўплаб қўллаб-қувватловчилар борлигини ҳис қилиб, “оёғим синса ҳам охиригача жанг қиламан” дедим ўзимга ўзим. 

Докторларга раҳмат – жароҳатимга муз қўйишди, тезда даволаб катта ёрдам беришди. Финалда ҳам натижамиз яхши бўлди. Таэквондо бўйича 68 кг вазнда икки карра олимпиада чемпиони ҳозиргача бўлмаган, биз шу натижага эришдик! Шоҳсупага чиққанда кўз ёшларимни яшириб тура олмадим – йиғлаб юбордим: ҳаракатларим ўз самарасини берганидан қувончим чексиз эди. Ҳеч бир спортчи бунинг қандай туйғу эканлигини ифодалаб бера олмаса керак…

Мураббийим футболдан олиб қолган”

– Болалигимда футболга қизиққанман, айни шу спорт турига ўтиб кетмоқчи бўлганимда мураббийим Павел Хан таеквондода қобилиятим ва имкониятларим яхшироқ эканлигини таъкидлаб, олиб қолган. 6 ёшимдан буён унинг қўлида шуғулланаман. Павел Хан ҳар бир спортчи билан алоҳида ёндашиб ишлайди. Мураббийим билан эркин мулоқот қиламиз, бир-биримизга дўстдекмиз. У доимо тўғри маслаҳат берган, гапларига қулоқ тутиб кам бўлмадим.