АҚШ президентлигига номзодлар – республикачи Доналд Трамп ва мамлакатнинг амалдаги вице-президенти, демократ Камала Ҳаррис сайловолди пойгасидаги илк теледебатни ўтказди. Бу 11 сентябр, чоршанбага ўтар кечаси ABC телеканалида рўй берди.

Миграция сиёсати, ишсизликка қарши кураш, инфляция ва Украинадаги уруш АҚШ президентлигига номзодлар ўртасида қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлган мавзулардан фақат бир қисми бўлиб, улар давомида ўзаро танқидлар ҳам кузатилди ва икки номзод бир-бирини ёлғончиликда айблади.

Ҳарриснинг сўзларига кўра, Трамп у ва ҳозирги давлат раҳбари Жо Байденга «Буюк депрессиядан кейинги энг ёмон ишсизлик»ни мерос қилиб қолдирган. Бундан ташқари, собиқ президент «асрнинг энг ёмон пандемияси» ва «фуқаролар урушидан бери бизнинг демократиямизга қилинган энг жиддий ҳужум» учун жавобгардир, деди Ҳаррис. Сўнгги гапида Камала Ҳаррис 2020 йилги сайловлардаги ғалабаси ундан ўғирланган деб ҳисоблаган Трамп тарафдорлари томонидан АҚШ Конгресси биносига бостириб кирилишини назарда тутган.

11 сентябрга ўтар кечаси бўлиб ўтган дебатлар чоғида Трамп ўзининг бу сайловда мағлуб бўлгани ҳақидаги сўзлари «истеҳзо билан» айтилганини билдирди. Бироқ, бошловчилар томонидан тўғридан тўғри сўралганда, у яна 2020 йилги сайловлардаги мағлубиятини тан олишдан бош тортди.

Россиянинг Украинага қарши уруши мавзуси, шунингдек, Вашингтон уни тўхтатиш учун қандай чоралар кўраётгани баҳсда ҳал қилувчи бўлмаса-да, номзодлар томонидан кўтарилди.

Украинадаги уруш

Шу тариқа, Доналд Трамп Жо Байден Россия президенти Владимир Путин билан «қандай гаплашиш ва Украинадаги урушни қандай тугатиш ҳақида ҳеч қандай тасаввурга эга эмаслигини» айтди. «Энди эса миллионлаб одамлар ҳалок бўлди ва вазият ёмонлашмоқда», деди Трамп.

«Сиз Жо Байденга қарши эмассиз. Менга қарши курашяпсиз», деб жавоб қайтарди Ҳаррис.

Муҳокама чоғида Трамп шундай деди: «Шуни унутмангки, у - Байден. У Байдендан узоқлашишга ҳаракат қилмоқда ва мен бу жанобни танимайман, деяпти. У - аслида Байден». Бунга жавобан, Ҳаррис кулиб: «Мен, албатта, Жо Байден эмасман ва мен, албатта, Доналд Трамп эмасман. Мен қилаётган нарса - бизнинг мамлакатимизга янги авлод раҳбариятини таклиф қилиш».

Бошқа нарсалар қатори, Трамп Ҳаррисни гўёки Путинни Украинадаги уруш бошланишидан уч кун олдин босқиндан қайтаришга уринганликда, бироқ муваффақиятсизликка учраганликда айблади. «Улар уруш бошланишидан олдин уни тинчлик музокараларига юборишди, - деди Трамп. - Уч кундан кейин у (Владимир Путин) Украинага бостириб кирди, урушни бошлади, чунки улар (Ҳарриснинг музокаралар делегацияси) заиф эди».