Ўзбекистон мезбонлигидаги футзал бўйича ЖЧ-2024 старт арафасида: ўйинлар тақвими ва асосий маълумотлар
|23:36 / 13.09.202428 2965 мин
14 сентябр куни Ўзбекистон мезбонлигида футзал бўйича 2024 йилги жаҳон чемпионати старт олади. ФИФАнинг йирик турнирларидан бири Марказий Осиёда илк марта мамлакатимизда ўтказилади. Жаҳоннинг энг кучли 24 жамоаси 22 кун давомида Тошкент, Андижон ва Бухорода ўйинларни ўтказиб, футзал бўйича жаҳон чемпионлиги учун кураш олиб боради.
Фото: FIFAФото: FIFA
Қачон ва қаерда
ФИФА томонидан 10-бор ташкил этилаётган мусобақа 14 сентябрдан старт олади ва 6 октябр куни финал баҳси ўтказилади. Учрашувларга Тошкент, Андижон ва Бухоро шаҳарлари мезбонлик қилади. Жаҳон чемпионати ўйинлари учун чиқарилган чипталарни futsal2024.uz сайтидан харид қилиш мумкин.
Мусобақа формати
Ҳар бир гуруҳнинг энг яхши икки жамоаси ва учинчи ўринни эгаллаган тўртта энг яхши жамоа плей-офф босқичига чиқади. Шундан сўнг, нимчорак финал, чоракфинал, яримфинал, учинчи ўрин учун плей-офф ва финал ўйинлари бўлиб ўтади.
Жаҳон Чемпионати ғолиблари
Ҳозиргача турнирда энг кўп марта Бразилия чемпион бўлган – 5 марта (1989; 1992; 1996; 2008; 2012 йиллар). Испания икки карра чемпион саналади (2000; 2004). 2016 йил Аргентина ғолибликни қўлга киритган бўлса, амалдаги жаҳон чемпиони Португалия саналади. Улар 2021 йилги ЖЧ олтин медалига эга чиқишган.
Ўзбекистон миллий жамоаси гуруҳи ва таркиби
Ўзбекистон футзал миллий жамоаси бош мураббийи Хосе Венансио Лопес жаҳон чемпионати учун якуний таркибни эълон қилди.
Жамоа сардори Дилшод Раҳматов жароҳати сабаб мусобақани ўтказиб юборадиган бўлди. Бунгача асосий таркиб аъзоларидан Равшан Элибоев, Даврон Чориев ва Суннат Жўраев ҳам жароҳат олиб, сафдан чиқишганди.
Миллий жамоамиз 2021 йил Литвада ўтган ЖЧда 1/8 финалда Эронга ютқазиб (8:9), турнирни тарк этганди. Бу сафар жамоа олдига ушбу натижани яхшилаш вазифаси қўйилган. Ўзбекистон жой олган А гуруҳидан Нидерландия, Парагвай ва Коста Рика ўрин олган бўлиб, вакилларимизнинг биринчи ўйини 14 сентябр куни Нидерландияга қарши ўтказилади.
Ўзбекистон миллий жамоасининг ЖЧ учун таркиби:
Мавзуга оид
Дарвозабонлар
Аббос Элмуродов
Суннат Анваров
Ўйинчилар
Илҳом Ҳамроев
Машраб Одилов
Фазлиддин Ботиров
Меҳрож Худойбердиев
Самариддин Беркинов
Ҳусниддин Нишонов
Анасхон Раҳматов
Ихтиёр Ропиев
Аброр Аҳметзиянов
Элбек Тўлқинов
Акбар Усмонов
Музаффар Аҳаджонов
Тақвим
Тақвимга кўра, футзал бўйича жаҳон чемпионати 52та ўйинни ўз ичига олади. Тошкентдаги «Ҳумо Арена»да 27та учрашув ўтказилса, Бухоро спорт мажмуасида 17та, Андижон спорт мажмуасида эса 8та ўйин бўлиб ўтади. Ўйинлар «Спорт» телеканали ва МТРК каналлари орқали намойиш этилади.