Полша мудофаа вазири Владислав Косиняк-Камишнинг маълум қилишича, навбатдаги ҳодиса 4 август куни куннинг биринчи ярмида содир бўлган. Навбатчиликда турган Полша қирувчи самолётлари Россиянинг Ил-20М разведка самолётини Болтиқ денгизи устида, Кошалин шаҳридан тахминан 56 километр шимоли-ғарбида кузатиб борган.

Вазирнинг таъкидлашича, Россия НАТО давлатлари чегаралари яқинида бундай парвозларни мунтазам амалга ошириб, алянснинг ҳушёрлиги ва мудофаа тизимлари тайёргарлигини синовдан ўтказишга уринаётган бўлиши мумкин.

Полша Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Януш Сеймей эса Россия самолёти мамлакат ҳаво ҳудудини бузмаганини билдирди. Шунга қарамай, Полша ҳарбийлари уни белгиланган тартибда кузатиб борган.

Бу сўнгги кунлардаги учинчи шундай ҳолатдир. Аввалроқ Полша ҳарбийлари 3 август ва 31 июл кунлари ҳам Россиянинг Ил-20 разведка самолётларини Болтиқ денгизи устида кузатгани ҳақида хабар берган эди.

Бундан ташқари, 30 июл куни Россияга тегишли қанотли ракета Полша ҳудудига кириб келган ва портлагани маълум қилинган.

Варшаванинг таъкидлашича, сўнгги вақтларда Россиянинг Полша соҳиллари яқинида амалга ошираётган разведка парвозлари яна фаоллашган. Июл ойи ўрталарида ҳам Полша Ҳарбий-ҳаво кучлари уч кун кетма-кет Россия ҳарбий самолётларини ушлаб қолган.

Шунингдек, Полша маълумотларига кўра, 2025 йил сентябрида камида 19 та Россия дрони мамлакат чегарасини кесиб ўтган бўлиб, уларнинг аксарияти Беларус ҳудудидан учиб келган. Уларни тутиб олиш учун Полша ва бошқа НАТО давлатларининг қирувчи самолётлари жалб қилинган.

Ўшанда Варшава бу ҳолатни Россиянинг атайлаб уюштирилган ҳаракати деб баҳолаб, НАТОнинг Шимолий Атлантика шартномасининг 4-моддасига мувофиқ иттифоқдошлар билан маслаҳатлашувлар ўтказишни сўраган. Москва эса ушбу айбловларни асоссиз деб атаган.