ЮВЕНТУС – НАПОЛИ (21 сентябр, 21:00)

Шубҳасиз, А Сериянинг энг марказий ўйинларидан бири. «Наполи» ўтган мавсумни муваффақиятсиз ўтказган бўлса-да, ҳозиргиси бошқа – Антонио Конте факторининг ўзи ҳам неаполликларнинг жиддий амбициясидан дарак беради. Жамоа мавсумни Веронадаги йирик мағлубият билан бошлаган бўлса-да, кейин ўзига келди. Қаторасига уч ўйинда ғалаба қозонди. «Наполи» ҳозирда фақат «Торино» ва «Удинезе»дан орқада – «Торино» бир ўйин кўпроқ ўйнаб бўлди, «Удинезе»ни эса бу турда «Рома» майдонига сафар кутиб турибди. Демак, агар «Наполи» ғалаба қозонса, шу ҳафтадаёқ турнир жадвалида 1-ўринга чиқиб олади.

«Ювентус» ҳам узоқда эмас, рақиби билан фақат бир очко ажратиб турибди холос. Туринликлар ҳам агар ғалаба қозонишса, 1-ўринга чиқиб олиш имконига эга. Эътиборлиси, «Наполи»дан фарқли равишда Мотта шогирдлари ҳали мағлубиятга учрагани йўқ, умуман, ҳали бирорта ҳам тўп ўтказиб юбормаган кучли бешликдаги ягона жамоа ҳисобланади. Мавсумни бир хил – 3:0 ҳисобидаги икки ғалаба билан бошлаган «Ювентус» қаторасига икки ўйинда голсиз дурангга имзо чекди. Аммо Чемпионлар Лигасида ПСВ билан ўйинда яна 3 голли режимга қайтилди – 3:1. Дарвоқе, «Ювентус»нинг ҳафта ўртасида Чемпионлар Лигасида ўйнагани меҳмонларга қўл келиши мумкин. «Наполи»нинг бу мавсум еврокубокларда қатнашмаслиги чемпионатда Контега устунлик берадиган муҳим факторлардан бирига айланиши ҳам ҳеч гап эмас.

Ўзаро ўйинларга қарасак, сўнгги йилларда «Наполи»нинг бироз устунлигини кўришимиз мумкин. Чемпионлик мавсумида «Наполи» ҳар икки ўйинда ҳам ғалаба қозонган бўлса, ўтган йили «Ювентус» фақат Туриндаги ўйинни минимал ҳисобда ўз фойдасига ҳал қилди. Умуман, айнан Туринда кечган охирги 3 ўйинда фақат бир марта мезбонлар ғалаба қозонганини эътироф этиш лозим.

Таркиблар борасида икки томонда ҳам деярли йўқотишлар йўқ. Аркадиуш Милик «Ювентус»га ўзинининг собиқ жамоасига қарши баҳсда ёрдам бера олмайди. Шунингдек, мезбонларнинг янги хариди Франсишку Консейсауда ҳам кичик жароҳат бўлиб, яна камида икки ҳафта майдонга қайта олмаса керак. Ҳар икки жамоа охирги 5 ўйинда 9 тадан гол уришга муваффақ бўлди. Демак, бу ўйиндан ҳам кўпроқ гол кутишга ҳақлимиз.

ФЕНЕРБАҲЧЕ – ГАЛАТАСАРОЙ (21 сентябр, 22:00)

Одатда, кучли бешликдан ташқаридаги ўйинлар ҳақида батафсил тўхталмаймиз, аммо бу — бошқа масала. Гап фақат Туркия даражасидаги энг катта ўйиннинг бўлиб ўтишида ҳам эмас. Эътибор беринг, Тадич, Фред, Суюнжу, Сен-Максимен, Ан-Носири, Жеко, Амрабат, Ундер, Тосун, Муслера, Торрейра, Мертенс, Батшуайи, Санчес, Осимҳен – саналганларнинг ҳаммаси Туркия Суперлигасининг марказий ўйинида майдонга тушиши мумкин. Ахир бу номлар аввалроқ тилга олинган А Серия марказий ўйини қатнашчиларидан ҳам жаранглироқ эмасми?