Англия доимгидек ҳар турда камида иккитадан топ-ўйин тақдим этишда давом этади, Испанияда катта клубларнинг синови аста-секинлик билан мураккабликка қараб одимлашни бошлайди. Германияда ҳам эътиборга молик учрашув бор. А Серия биринчи турданоқ етакчиларни ўзаро рўпара қилмай, бироз чигалёзди қилиб олишига имкон яратди. Францияда эса ниҳоят Мбаппе сафга қайтиши мумкин.

БАЙЕР – ЛЕЙПЦИГ (19 август, 18:30)

Бу ҳафтадан Германия ва Италияда ҳам чемпионат ўйинларига старт берилиб, кучли бешлик тўлиқ таркибга эга бўлади. Бундеслигада қизиқарли ўйин бор – сўнгги йилларда кучли тўртликнинг доимий аъзоси бўлиб қолган «Лейпциг» Ҳаби Алонсо бошчилигидаги «Байер» меҳмони бўлади.

«Байер» ўтган мавсумни яхши якунлай олмаганди (барча мусобақалардаги охирги 7 ўйин ғалабасиз). Жамоа якунда ЕЧЛ ўринларини бой берган бўлса-да, мавсумнинг кашфиёт жамоаларидан бўлди, Алонсонинг ўйин услубига юқори баҳо берилиб, ёш мураббий ҳатто бир қатор топ клубларнинг ҳам назарига тушди. Табиийки, бу мавсумда «Байер» ҳам Ҳаби Алонсонинг ҳақиқий салоҳиятини очиб бериши керак. Яримҳимояга сотиб олинган икки тажрибали футболчилар – Гранит Жака («Арсенал») ва Йонас Ҳоффман («Боруссия» Менҳенгладбаҳ) леверкузенликларнинг ёш таркибига ўзига яраша мувозанат олиб кириши лозим бўлади. Табиийки, трансфер бозори тугамади, ҳали Тапсоба, Фримпонг ва Вирц каби футболчиларни сақлаб қолиш ҳам керак.

«Лейпциг» эса мавсумга юқори нотада кириб бўлди. Марко Розе шогирдлари ўтган ҳафта бўлиб ўтган Суперкубок учун баҳсда «Бавария»ни йирик ҳисобда ер тишлатди. Дани Олмонинг ҳет-триги жамоага охирги уч ойдаги иккинчи совринни олиб берди. Дарвоқе, «Байер»нинг ҳам мавсумдаги илк расмий ўйини анча сермаҳсул бўлганини эътироф этиш керак. Жамоа Германия кубоги илк босқичида қуйи лига вакили «Теутониа» дарвозасига жавобсиз саккиз гол йўллади.

Йўқотишлар ҳар икки томонда ҳам етарли. Мезбонлар таркибида сентябргача майдонга қайтмайдиган Патрик Шик ва Сердар Ўзмундан ташқари, ўтган мавсум охиридаги қизил карточкалар туфайли Ҳинкапи аа Амин Адлида дисквалификация бор. Розе эса Амаду Айдара, Кевин Кампл ва Петер Гулачи каби асосий таркиб вакиллари ёрдамидан фойдалана олмайди.

ТОТТЕНҲЭМ – МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД (19 август, 21:30)

Англиянинг доимий етакчи клублари орасида айнан «Тоттенҳэм» ва «МЮ»нинг биринчи турдаги ўйини бироз туманли чиқди. Лондонликлар тушунарли – янги мураббий қўл остида, бунинг устига сўнгги паллада Ҳарри Кейнсиз қолган «Тоттенҳэм» ўз майдонида анча кучли ўйнайдиган «Брентфорд»га икки гол ура олгани ҳам (2:2) ижобий ҳолат. «Юнайтед»дан анча салобатли ўйин кутилганди. Аммо «Вулверҳэмптон» «Олд Траффорд»да анча яхшироқ ўйин кўрсатиб, ушбу стадионда меҳмон жамоалар намойиш этган перформанслар ичида 2005 йилдан бери энг яхши кўрсаткични қайд этишди – 23 зарба. Манчестернинг қизил тарафи Ҳойлунднинг ҳали сафга кирмагани, Маунт, Онана каби тизимли футболчиларнинг жамоага тўлиқ киришиб кетмагани ҳамда ўтган мавсум старти бундан ҳам бадтар бўлгани билан ўзини овутмоқда, холос. Ҳа, уч очко қўлга киритилди, аммо агар ҳакамнинг кейинчалик тан олинган хатоси бўлмаганда «бўрилар» сўнгги дақиқаларда пеналти тепиши керак эди.