Апокалипсис манзараси

Перу Андларидан бошланадиган Солимойнс дарёси (Бразилияда Амазонканинг ўрта оқими шундай аталади) илгари энг йирик транспорт артерияси ҳисобланган бўлса, ҳозир кема қатнови учун деярли яроқсиз ҳолга келган. Ундаги сув сатҳи кузатувлар тарихидаги энг паст даражага тушиб кетди, унинг йирик ирмоғи Тефе эса деярли бутунлай қуриб қолди. Тефе номли кўл ҳам шундай қисматга дучор бўлган — ўтган йили сув ҳароратининг рекорд даражада кўтарилиши туфайли ундаги юздан ортиқ ноёб чучук сув делфинлари нобуд бўлди. Эндиликда бу катта табиий сув ҳавзаси мавжуд эмас. Қирилиб кетиш арафасида турган сут эмизувчилар ҳам яшашга қулай муҳитдан айрилди.

Фото: Bruno Kelly / REUTERS

Кўп ирмоқли, қалин тропик ўрмонлар билан ўралган улуғвор дарёлар ҳозирда фақат сийрак, бегона ўтлар билан қопланган қумли ариқчаларга айланиб қолган. Бу даҳшатли манзарага Жанубий Америкадаги мисли кўрилмаган ўрмон ёнғинларининг аччиқ тутуни ҳам қўшилади. Йил бошидан буён қитъада 346 мингдан ортиқ табиий ёнғин ўчоқлари қайд этилди, бу эса мутлақ статистик рекорд.

Иқлим тартибсизлиги фақат Амазонияни эмас, балки бутун Бразилияни қамраб олган. Мамлакат ҳудудининг тахминан учдан икки қисми қурғоқчилик исканжасида. Бу эса Ҳиндистон ҳудудига тенг улкан майдон. Баъзи ҳудудлар аҳолиси 100, ҳаттоки 150 кундан бери бир томчи ёмғир кўрмаган.

Ташналик, касалликлар ва иқтисодиётга зарба

Амазонка ҳавзасидаги кўплаб аҳоли пунктлари сув сатҳининг фалокатли пасайиши оқибатида дунёдан бутунлай узилиб қолди, чунки бу жойларда қайиқлар ягона транспорт воситаси ҳисобланади. Дарё бўйларида яшовчи жамоаларни лойқа кўлмаклар, оролчалар ва қум тепаликлари ўраб туради. Маҳаллий аҳоли жазирамада қайиқларини қум устидан судраб, ҳали қуриб улгурмаган ирмоқларга етиб олишга, сўнгра яқин атрофдаги шаҳарларга боришга мажбур бўлмоқда. У ерда одамлар банан ёки маниока сотиб, озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа зарур нарсаларни харид қилади.

Фото: Bruno Kelly / REUTERS

“Илгари кексалар бир ойлик қурғоқчиликдан кейин доим бир ойлик сув тошқини бўлишини айтишарди. Аммо энди бундай эмас – иқлим бутунлай бузилган”, — дейди Алто-Солимоинс микроҳудуди вакили Баррозу Ортега.