Узоқ йиллар давомида европаликлар келгунига қадар Амазонка тропик ўрмонлари кам аҳоли яшайдиган ҳудуд ҳисобланиб келган. Бироқ янги тадқиқотлар бу тасаввур тўлиқ эмаслигини кўрсатди.
Nature журналида чоп этилган илмий ишда Бразилиянинг Акри ва Амазонас штатларида жойлашган қадимги геоглифлар — катта думалоқ, тўртбурчак ва кўпбурчак шаклидаги ер иншоотлари ўрганилди. Уларнинг айримлари бир неча гектар майдонни эгаллайди, айланма хандақларининг чуқурлиги эса беш метргача етади.
Тадқиқотчилар ҳаводан лазерли сканерлаш (LiDAR) технологиясидан фойдаланиб, умумий узунлиги 4 430 километр бўлган йўналишлар бўйлаб ҳудудни ўрганди. Ушбу технология дарахтлар шох-шаббаси орқали ер юзасининг рақамли моделини яратиш имконини берди.
Натижада илгари маълум бўлмаган кўплаб қадимги иншоотлар аниқланди. Жами 432 та ер иншооти қайд этилди. Улардан фақат 36 таси аввалдан маълум эди, қолганлари илк бор аниқланди.
Олимлар лидар маълумотлари, сунъий йўлдош тасвирлари, археологик қазишмалар ва бошқа маълумотларни бирлаштириб таҳлил қилди. Улар Акри цивилизацияси эгаллаган ҳудуд тахминан 183 минг квадрат километр бўлганини ҳисоблаб чиқди.
Тадқиқот муаллифлари ушбу ҳудудда жами 24–30 минггача ер иншооти мавжуд бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Уларнинг қарийб учдан икки қисми Акри маданиятига тегишли ҳисобланади. Геоглифларнинг аксарияти милоддан аввалги 600 йилдан милодий 850 йилгача бўлган даврда қурилган, қурилиш ишларининг энг фаол босқичи эса милодий 100–300 йилларга тўғри келади.
Тадқиқотга кўра, мазкур геоглифлар доимий аҳоли яшайдиган қишлоқ ёки қалъалар эмас, балки диний маросимлар, жамоат йиғинлари ва сиёсий тадбирлар ўтказиладиган марказлар бўлган. Бундай мажмуаларни қуриш ва сақлаш учун минглаб одамлар, меҳнат тақсимоти, геометрия билимлари ва яхши ташкил этилган жамият зарур бўлган.
Шу асосда олимлар Акри цивилизациясининг энг ривожланган даврида аҳоли сони 1,25 миллиондан 3 миллион нафаргача бўлганини баҳоламоқда.
Тадқиқотчиларнинг қайд этишича, маҳаллий аҳоли маккажўхори, қовоқ ва бошқа экинларни етиштирган, тупроқ унумдорлигини сақлаган, назоратли ўт қўйиш усулидан фойдаланган ҳамда Бразилия ёнғоғи ва палма каби фойдали дарахтларни кенг тарқатган. Шу боис Амазонка ўрмонларининг ҳозирги ўсимлик қоплами ва тупроқ хусусиятларининг бир қисми минг йиллик инсон фаолияти натижаси бўлиши мумкин.
Амазонка ўрмонлари остида минглаб қадимги иншоотлар кашф этилди
09:407413 мин
Бразилиянинг жануби-ғарбий Амазония ҳудудида ўтказилган тадқиқотлар қадимги цивилизация ҳақидаги тасаввурларни ўзгартирди. Олимлар ҳаводан лазерли сканерлаш технологияси ёрдамида ўрмонлар остида яширинган юзлаб ер иншоотларини аниқлаб, бу ерда икки минг йил аввал 3 миллионгача аҳоли яшаган бўлиши мумкинлигини маълум қилди.











