Украинанинг Донецк области жанубидаги Вуҳледар шаҳрини мудофаа қилаётган бўлинмаларининг ҳолати тобора оғирлашмоқда. Россиянинг бостириб келаётган қисмлари шаҳарни жануби-ғарбдан ва шимоли-шарқдан айланиб ўтмоқда ҳамда аллақачон логистикага жиддий таҳдид солган ҳолда уни яримқуршов ҳолатига туширган. BBC ҳарбий шарҳловчиси Иля Абишев фронтдаги вазиятни таҳлил қилди.

Украина қуролли кучларининг икки йилдан ортиқ вақтдан буён Вуҳледарни ҳимоя қилиб келган 72-бригадаси ҳолдан тойган ва қуршовга тушиш хавфи остида қолган, Forbes таҳлилчиси Дэвид Акснинг таъкидлашича, унга ёрдам бериш ёки ўрнига олиб келиш учун захира кучлари йўқ.

«Украина қуролли кучлари бу вақтда Курскда юриш қилмоқда ва мамлакат шарқи ва жанубидаги бошқа ҳудудларда ҳам ҳимояланмоқда. Улар бутун фронт бўйлаб ёйилиб кетган. Армияда тузилган янги 14 бригада эса замонавий техникаларнинг ўткир тақчиллигини бошдан кечирмоқда», — дея ёзади эксперт.

Украина бош штабининг собиқ вакили, ҳарбий эксперт Владислав Селезнёв ҳам Вуҳледар йўналишида таҳдидли вазият юзага келгани ҳақида гапирмоқда.

«Барчаси ҳам душман куч ва воситалар бўйича устунликка эгалиги билан боғлиқ эмас. Мудофаа амалиётини ташкиллаштиришдаги нотўғри ҳисоб-китоблар ҳам ўзини билдирмоқда», — деган Селезнёв Украина телеэфирида.

Вуҳледар катта стратегик аҳамиятга эга ҳисобланади. У тепаликда ва икки фронт — шарқдаги Донецк области ва жанубдаги Запорижжя фронтлари туташган нуқтада жойлашган.

Шаҳардан 18 км шарқдан Россия армияси ҳарбийлари ва техникаларини Донецк-Волноваха линияси орқали ва янада жанубга олиб ўтиши мумкин бўлган темирйўл ўтган.

Аммо Вуҳледар Украина қуролли кучлари назорати остида қоларкан, унинг стволли артиллерияси мазкур муҳим магистралга мақсадли зарбалар амалга ошириши мумкин бўлиб турганди.

Россия қўшинлари Украинага босқин бошидан буён Вуҳледарни эгаллаб олишга уриниб келади.

2022 йил кузида улар шаҳардан жанубдаги Павловка қишлоғини олганди, аммо шундан кейин шаҳарга ҳужум қилишга бўлган барча уринишлар муваффақиятсизликка учрайди. 2023 йил февралидан 2024 йил июнига қадар Россия армияси бу ерда камида тўрт бор йирик ҳужум амалиётларини ўтказган — бу уринишларнинг барчасида катта йўқотишлар берилган ва ҳеч қандай натижага эришилмаган.