Тошкентда “тош тагидан хазина топган” хавфли рецивидист яна узоқ йилга қамалди
Мазкур шахс шу пайтгача турли йилларда тўрт марта гиёҳванд моддалар истеъмоли ва олди-сотдиси билан шуғуллангани учун қамалиб чиққан.
Тошкент шаҳрида героин гиёҳванд моддасини сотаётганда қўлга олинган шахс узоқ муддатга қамалди. Бу ҳақда шаҳар ИИББ ахборот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, 2023 йил 16 октябр куни фуқаро М. Эски жўва бозори ҳудудида эски танишларидан бири билан кетаётганда ИИБ ходимлари томонидан тўхтатилиб, шахси текширилаётганда ўзини жуда шубҳали тутади.
Текширув пайтида М.нинг ёнидан кучли таъсир қилувчи психотроп дориси ва 0,34 грамм героин моддаси топилади.
Шундан сўнг М. бўлимга олиб борилиб сўроқ қилинганда у шундай дейди:
“Мен устачилик қилиб ҳар хил қурилиш ишларида ёлланма ишчи бўлиб ишлаб, пул топаман. 2023 йилнинг 15 октябрида Ўзбекистон боғига иш қидириб бордим. Озгина ишладим ҳам. Кун кеч бўла бошлаганда пиёда йўлга чиқдим. Йўлимда катта бир тош учради. Уни бир тепган эдим, тагида қора изолентага ўралган нарсага кўзим тушди. Бундай нарсалар менга таниш бўлгани учун уни олиб уйга олиб келдим. Бу героин гиёҳванд моддаси эди”.
Терговчи М. ҳақида маълумот олинганда унинг аввал 2004, 2007, 2010 ва 2020 йилларда гиёҳванд моддалари истеъмоли ва олди-сотдиси билан шуғуллангани учун судланиб, қамалиб чиққани аён бўлади.
Тергов жараёнида мазкур шахс “тош тагидан топиб олган” нарсасининг гиёҳванд модда эканини билиб уйга олиб келгани ва 13 бўлакка бўлгани, сўнг унинг бир бўлагини сотиш учун бозорга боргани ашёвий далиллар билан исботланади.
Қайд этилишича, жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди очиқ суд мажлисида М.ни Жиноят кодексининг 25, 273-моддаси 5-қисми (гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан айбдор деб топган. Унга 10 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Мавзуга оид
21:58 / 04.11.2024
Сариқ ва қизил рангларда товланаётган Тошкент — фотожамланма
17:42 / 04.11.2024
Хавфсизлик чегарасидан 80 баробар юқори: Лаҳор дунёнинг ҳавоси энг ифлос шаҳарларидан бири
08:10 / 04.11.2024
Тошкентда “Яшил шаҳар” куни ўтказилади
19:25 / 31.10.2024