Фаластин президенти Маҳмуд Аббос 26 сентябр куни Ню-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясида дунё етакчиларига мурожаат қилиб, Фаластин халқи ўз ватанини, аждодлари заминини ташлаб кетмаслигини таъкидлади. У Исроилни Ғазо секторидаги урушини қоралаб, халқаро ҳамжамиятни «геноцид»ни тўхтатишга чақирди, шунингдек, урушдан кейинги анклав ҳолати бўйича ўз режасини тақдим этди.

Маҳмуд Аббос нутқини «Биз кетмаймиз» иборасини уч марта такрорлаш билан бошлади. У Исроилни Ғазони вайрон қилиб, яшаш учун яроқсиз қилиб қўйганликда айблади.

«Фаластин — ватанимиз, ота-боболаримиз замини. У бизники бўлиб қолади, агар кимдир кетиши керак бўлса, бу ўзбошимча босқинчилар бўлади», деди Аббос.

Фаластин раҳбари Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг армияси Ғазода тинч аҳолини ўлдирмаяпти, деган даъвосини рад этди.

«Сиздан сўрайман, у ҳолда 15 мингдан ортиқ болани ким ўлдирган?», деди Аббос.

У Ғазо секторидаги уруш ва геноцидни тўхтатишга, Исроилга қурол юборишни тўхтатишга чақирди.

«Халқимиз билан содир бўлаётган воқеалар учун бутун дунё жавобгар», деб таъкидлади Фаластин президенти.

Маҳмуд Аббос ўз нутқида исроиллик кўчманчилар зўравонлиги ва турар-жой кенгайишига тўхталиб, Ғарбий Соҳилнинг Исроил тажовузига мунтазам дучор бўлаётганини қайд этди.

«Шафқатсиз кўчманчилик фаолияти кузатиляпти. Улар бутун Фаластин бўйлаб уй қурмоқда, гўё Фаластин уларникидек», деди у.

У Исроилни Маъбад тоғидаги статус-квони бузганликда айблаб, «Исроил террорчи вазири» Ал-Ақсо масжидида ибодатхона қуришга чақирганини даъво қилди. Афтидан у ўта ўнг қарашлари билан танилган Исроил миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвирни назарда тутди.

Маҳмуд Аббос баланд минбардан туриб, Байден маъмуриятини Ғазо секторидаги урушда Исроилни қўллаб-қувватлаётгани учун ҳам танқид қилди. Унинг айтишича, Қўшма Штатлар Фаластин давлатининг БМТ тўлиқ аъзоси бўлишига қарши овоз берган Хавфсизлик Кенгашининг ягона аъзосидир.

Фаластин раҳбари турли резолюцияларни бузгани учун Исроилни БМТ аъзолигидан чиқариб юборишни талаб қилишини айтди.