Актам Хаитов партиянинг сайловолди дастурининг асосий йўналишлари, хусусан, 5 мақсад ва 500 вазифа доирасида келгуси беш йилда амалга ошириладиган лойиҳалар тўғрисида батафсил маълумот берди. Сайловолди дастуридаги биринчи мақсад – барқарор иқтисодий ўсиш орқали ҳар бир инсон, оила ва жамият фаровонлигига эришиш юзасидан режалаштирилган лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.


ЎзЛиДеП ўз дастурида ялпи ички маҳсулот ҳажмини 2030 йилга бориб 160 миллиард долларга, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни 4 минг долларга етказиш таклифини илгари сурди. Партия келгуси беш йилда мамлакат тадбиркорлари сонини 3 миллион нафардан ошириш, барқарор иш жойларини яратиш, камбағалликни қисқартириш, давлатнинг иқтисодиётга аралашувини чеклаш, қулай бизнес муҳитини шакллантиришни мақсад қилмоқда.


Учрашувда, навбатдаги беш йиллик якунида камбағаллик кўламини икки карра камайтириш, аҳолини тадбиркорликка жалб қилишнинг "маҳаллабай" дастурларини ишлаб чиқиш партиянинг устувор вазифалари сифатида таъкидланди. Оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида имтиёзли кредитларни ҳар йили 30 фоизга ошириш, ижтимоий тадбиркорликни рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини иш билан таъминлаш борасида тадбиркорларга имтиёзлар бериш масалалари муҳокама қилинди.

















