Журналист ва «ҳарбий мухбир» бўлиб яширин ишлаган россиялик жосус Пабло Гонсалес (Россия паспортига кўра — Павел Рубцов) Россия махсус хизматлари томонидан 2017 йилда сиёсатчи Алексей Навалний шикастланган кўзи бўйича Европада даволанаётган пайтда уни кузатиш ҳақида топшириқ олган. Бу ҳақда Испаниянинг El Mundo нашри 6 октябр, якшанба куни Гонсалесга қарши ҳозирда Полшада тергов қилинаётган жосуслик иши бўйича тергов ҳужжатларига таяниб ёзди.
Испания махсус хизматларига тушган материалларга кўра, Гонсалес (Рубцов) Россия давлат буюртмачиларига Алексей Навалний даволанган Барселона ва Лозаннадаги клиникалар ҳақида маълумот берган. El Mundo нашрига кўра, айғоқчи сиёсатчи билан камида икки марта учрашган ва учрашувлардан бирида Навалний 2020 йилда «Новичок» билан заҳарланганидан кейин у билан селфига тушиб, ижтимоий тармоқларда эълон қилган. Гонсалес суратга сиёсатчи Россия ҳукумати томонидан таъқибга учрамади, деган изоҳ қолдирган, чунки Москва унга «биринчи сўров бўйича чет элга» чиқиши учун «паспортни бир неча соат ичида» тақдим этган, дея ёзади нашр.
El Mundo Гонсалеснинг Россия разведкасига берган ўнлаб ҳисоботлари ва Полшадаги «ГРУ» агентига айблов асосини ташкил этувчи бошқа ҳужжатларга эга. Материаллар Испания махсус хизматларига топширилди, деб ёзади нашр. Полша разведкаси маълумотларига кўра, рус жосуси кузатув олиб борган, Россияга маълумот узатган ва «Россия ҳукумати сиёсатига мос келадиган дезинформация»ни чоп этган. Шунингдек, Гонсалес, Полша разведка хизматларига кўра, қувғиндаги мухолифатчилар тўпланадиган жойларда Wi-Fi паролларини Москвага узатган, бу уларнинг ноутбукларини ҳакерлик ҳужумлари олдида ҳимоясиз қилиб қўйган, деб ёзади нашр.
Гонсалес Украинага қарши урушнинг бошида ҳибсга олинган
Полша махсус хизматлари Гонсалесни (Рубцов) 2022 йил 28 февралда, Россиянинг Украинага бостириб киришидан тўрт кун ўтиб ҳибсга олди. У 1 август куни Анқарада маҳбуслар алмашинуви доирасида озодликка чиққунга қадар ҳибсда эди. Полша расмийларига кўра, Рубцов Варшава ва Украина билан чегарадаги Пржемисл шаҳрига «маълумот олиш ва тақдим этиш, ёлғон маълумотлар ва тезкор разведка маълумотларини тарқатиш» учун юборилган.
Пабло Гонсалес (Павел Рубцов) Совет Иттифоқида туғилган, Испания ва Россия фуқаролигига эга. Унинг онаси, 30-йилларда СССРга олиб кетилган испан оиласининг қизи 80-йилларнинг охирида Испанияга қайтиб, Каталонияда жойлашди, ўғли эса Басклар мамлакатига кетди. Гонсалеснинг отаси Алексей Рубцов 1999 йилдан бери РБК тузилмаларида раҳбарлик лавозимларида ишлаган. Ҳибсга олинишидан олдин Павел Рубцов ўзини испаниялик мустақил журналист сифатида таништириб, ҳарбий можаролар ҳақида ёзган. Бу мақомда у Россия мухолифати ичига кириб бора олди: Рубцов кўплаб мухолифат сиёсатчилари, жумладан Иля Яшин ва Владимир Кара-Мурза билан танишди, улар алмашинув доирасида Москва томонидан озод қилинди.















