Доналд Трамп ва Камала Ҳаррис Аризона, Висконсин, Жоржия, Мичиган, Невада, Пенсилвания ва Шимолий Каролинада қақшатқич кураш олиб бормоқда — энг кўп митинглар шу ҳудудларда ўтказилиб, энг кўп маблағ шу ҳудудлар учун телевизион рекламаларга сарфланмоқда. Бу штатларни кўпинча battleground деб ҳам аташади, инглизчадан таржимаси «жанг майдони» маъносини беради.

Озчилик ҳокимияти

Алоҳида штатларнинг муҳимлиги Америкадаги овоз бериш тизими билан боғлиқ, унга кўра президент тўғридан тўғри овоз бериш орқали эмас, балки сайловчилар ҳайъати томонидан сайланади. Энг кўп сайловчи овозига эга бўлган номзод эмас, 538 нафар делегатдан камида 270 нафарининг овозини қўлга киритган номзод ғолиб чиқади. Масалан, 2016 йилда Ҳиллари Клинтон учун овоз берган сайловчилар сони ғолиб Трампга овоз берганлардан уч миллионга кўп эди.

Бу федератив конституцион тузилиш билан боғлиқ: техник жиҳатдан, аввалига ҳар бир штат аҳолиси овоз беради, кейин делегатлар ўз овозларини штат ғолиби учун беришади. Америкаликларнинг кўпчилиги бу тизимни бекор қилишни ёқлайди, аммо сиёсатчилар уни ўзгартиришга тайёр эмас.

Штатларнинг кўпчилигидаги натижани олдиндан айтиш мумкин, чунки улар азалдан аниқ сиёсий йўналишга эга ва бу ўнлаб йиллар мобайнида ўзгармайди. Ню Йоркда республикачи номзод ғолиб бўлиши охирги бор 40 йил муқаддам, Роналд Рейган иккинчи муддатга сайланганида кузатилган; жанубдаги қатор штатлар охирги бор 60 йил олдин, Жон Кеннеди ўлимидан кейин демократ номзод учун овоз берганди. Ижтимоий сўровлар кўрсатишича, бу йил ҳам кўп нарса жиддий ўзгармайди.

Аммо сайловларда ғолиб бўлиш учун либерал ёки консерватив штатлардаги устунликнинг ўзи етарли эмас. Фақат Барак Обама иккиланувчи штатларнинг барчасида ҳеч бўлмаганда бир мартадан ғолиб бўлган; 2016 йилда уларнинг кўпчилиги Трампни, 2020 йилда — кўпчилиги Жо Байденни қўллаган.

Шу билан бирга, мазкур штатлар аҳолиси сиёсий принципларини қўлқоп каби алмаштиришини англатмайди. Улардаги сайловчиларнинг аксари, худди бутун мамлакатдаги каби, сайлов куни кимга овоз беришини билади. Масалан, Висконсиндаги саноатлашган Милуоки шаҳри ва сиёсий марказ ҳисобланган Мэдисон асосан демократларга овоз беради, уларнинг атрофидаги қишлоқ округлари эса республикачиларга овоз беришни афзал кўради.

Аммо бу штатларнинг барчасида республикачилар тарафдори бўлган ва ўзини демократ деб биладиган сайловчилар сони тахминан тенг ва сайлов натижаси озчиликни ташкил этадиган беқарорларнинг танловига боғлиқ. Мавҳумлик улар қарор қилишда қийналиши билан боғлиқ эмас. Ижтимоий сўровларнинг кўрсатишича, бу сайловчилар сиёсатни у қадар қизиқиб кузатишмайди. Машҳур бўлган комедияда бундай тоифадаги сайловчилар ижтимоий сўровда уларга «президентликка номзодларнинг исми нима?» ва «сайловлар қачон?» каби саволлар бериш орқали тасвирланади.